Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған 11-12 июль кунлари Литвада бўлиб ўтадиган НАТО саммитида иштирок этгач, Бирлашган Араб Амирликларига ҳам ташриф буюради. Бу ҳақда республика молия вазири Меҳмет Шимшек маълум қилди.
– Ҳамкорликка оид ҳужжатларни тайёрлаш бўйича техник жиҳатдан сезиларли ютуқларга эришдик, тез орада бу ишни ниҳоясига етказамиз, – деди мулозим. – Шундан кейин давлатимиз раҳбари БААга йўл олади.
“Анадолу” агентлиги Шимшекдан иқтибос келтиришича, ташриф давомида келишув ҳужжати имзоланиши мумкин.
– Ҳозирча тафсилотларга тўхтала олмайман, фақат шуни айтишим мумкинки, бу жуда кенг қамровли ҳужжат, қўшимча қилди у.
Вазир июнь ойида вице-президент Жевдат Йилмаз билан бирга БААга боргани ва сафар “жуда самарали бўлгани”ни эслатди. Ўшанда турк делегациясини мамлакат Президенти, шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён қабул қилган.
Меҳмонлар вице-президент ва бошқа расмийлар билан ҳам музокара ўтказиб, иқтисодий ҳамкорлик масаласини бафуржа муҳокама қилишган.
ЎзА