Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрида шахмат бўйича ўтказилган “Global Chess League“ турнирининг биринчи босқичи якунланди.
Дунёнинг энг кучли шахматчиларидан ташкил топган 6 та жамоа ўн турдан иборат айланма тарзда кечган баҳсларда иштирок этди.
Хабар берганимиздек, мазкур нуфузли мусобақада ҳамюртларимиз Нодирбек Абдусатторов “Balan Alaskan Knights“ жамоаси таркибида, Жавоҳир Синдоров “UpGrad Mumba Masters“ таркибида ғолиблик учун кураш олиб борди.
Саралаш мусобақалари якунига кўра, тўплаган баллари юқори бўлган «Triveni Continental Kings» ва «UpGrad Mumba Masters» жамоалари финал мусобақасида рўбарў келди.
Шиддатли ўтган ўйинда «Triveni Continental Kings» жамоаси ғолибликка эришди. Жавоҳир Синдоров қатнашаётган “UpGrad Mumba Masters“ вакиллари эса 2-ўрин билан кифояланди.
Таркибидан Абдусатторов жой олган “Balan Alaskan Knights“ жамоаси сўнгги поғонадан жой олди.
Т.Рўзиев,
ЎзА