Пойтахтимиздаги «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Сана муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбирга турли вазирлик ва идоралар, жамоат тузилмалари, халқаро ташкилотларнинг вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, фахрий журналистлар, олий ўқув даргоҳларининг журналистика факультетлари профессор-ўқитувчилари, ёш ижодкорлар таклиф этилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
Юртбошимизнинг “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони касб байрамига ўзгача шукуҳ бағишлади. Унга кўра, бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ходимлари Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева тантанали тадбирда ана шу мукофотларни ўз эгаларига топширди.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда юртимизда рўй бераётган тарихий ўзгаришлар натижасида оммавий ахборот воситаларини эркин фикр минбарига, халқимиз манфаатларининг фаол ҳимоячисига айлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин, ижтимоий муҳит яратилди. Миллий матбуотимиз ва оммавий ахборот воситаларини янада эркинлаштириш, журналистларнинг самарали ижод қилиши, сўз эркинлигини амалда таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бу борада мамлакатимизда яратилган миллий қонунчилик базаси доимий такомиллаштирилмоқда. Журналистларнинг эркин ва ҳеч қандай монеликларсиз маълумот олиши, холис ва ҳаққоний, тезкор ахборот тарқатиши учун зарур барча шароит ва имкониятлар кўлами тобора кенгайиб бораётгани эътиборлидир.
Миллий журналистикага кўрсатилаётган эътибор натижасида соҳага рақамли ва илғор технологиялар жадал жорий этилмоқда. Мамлакатимизда медиа тузилмалар учун юқори билим ва салоҳиятга эга бўлган кадрларни тайёрлаш, уларни қайта ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган. Журналистларнинг хорижий ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашиши, жаҳон медиа тузилмаларининг илғор фаолият амалиётини ўз ишига жорий этиш борасида кўплаб саъй-ҳаракатлар амалиётга жорий этилмоқда.
Миллий журналистика ривожига кўрсатилаётган эътибор натижасида юртимиз ва жаҳонда рўй бераётган вазиятларга нисбатан тезкор, холис ва ҳаққоний жамоатчилик фикри шаклланиб бормоқда. Мамлакатимизда турли муаммолар ҳақида халқимиз, энг аввало, мутасаддилар, тегишли ташкилотлар ўз вақтида хабардор бўлмоқда. Мавжуд долзарб масалаларга оқилона ечим топилмоқда.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон жаҳон матбуоти эркинлиги индексида сўнгги 7 йилда 29 поғонага юқорилади. Шу билан бирга мамлакатимизда расман рўйхатдан ўтган босма, электрон, интернет оммавий ахборот воситалари сони сезиларли даражада ортди. Бир сўз билан айтганда янгиланаётган, Ўзбекистон журналистикасининг янги қиёфаси шаклланмоқда.
Жаҳонда рўй бераётган воқеа ва ҳодисалар аввалдан айтиб бўлмас даражада шиддат билан ўзгариб бораётган мураккаб бир даврда янада огоҳ ва масъулиятли, рўй бераётган жараёнларга нисбатан барчамизнинг холис бўлмоғимиз замон талабига айланди.
– Бугун дунёда рўй бераётган турли таҳдидларга қарши тура оладиган, ўз сўзини айта оладиган журналистлар жамиятга жуда ҳам керак, – деди “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, “Гулистон” ва “Театр” журналлари бўлим муҳаррири Ўктам Мирзаёров. – Жамиятда кечаётган воқеа ва ҳодисаларга энг биринчи баҳони журналист беради. Журналист – жамиятнинг юзи, кўзи, виждони. Биз – журналистларнинг эркин ва самарали ижод қилишимиз учун барча шароитлар яратилмоқда. Истардимки, журналистларнинг ҳам жамият олдида юзи доим ёруғ бўлсин.
Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов иштирок этди.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА мухбири