Аввал хабар қилганимиздек, НТВ телеканалининг ижодий гуруҳи шу йилнинг 18-28-июль кунлари оралиғида Ўзбекистон бўйлаб сафарда бўлмоқда.
Яқинда ушбу гуруҳ Қорақалпоғистонда сафарда бўлди. Сафар доирасида Аязқалъа тарихий ёдгорлигида, Мўйноқ туманидаги Кемалар қабристонида ва шу жойда сайёҳлар учун ташкил қилинган ўтовларда ва Мўйноқдан 140 км узоқлаб кетган Орол денгизи қирғоқларида тасвирга олиш ишларини олиб борди.
Телеканалимизнинг «Пора в отпуск» (Дам олиш пайти келди) дастурини айнан Ўзбекистонда тайёрлашимиз бизга маъқул келди, дейди теледастур продюсери Сергей Бачинский. – Биз Россияда бирнеча оилаларни кастингдан ўтказиб, ичидан битта оилани танлаб олганмиз ва шу оила аъзоларини ўзларимиз билан олиб келганмиз. Бизнинг олдимизда қандай режамиз борлиги бу оила аъзоларига номаълум ва кутилмаган «сюрприз»дан уларнинг руҳиятида вужудга келган ҳолатни биз тасвирга муҳрлаймиз. Масалан, Аязқалъада оила аъзоларини бархан қумлар ичида туяларда сайил қилдирдик. Бундан улар жуда завқланди ва ҳайратланди. Бизга шуниси, табийий ҳис-туйғуси керак. Қорақалпоғистонга бўлган сафаримиз анча бой бўлди ва бу ернинг ўзига хос табиати, халқининг миллий урф-одат, дастурлари бизда катта таассурот ўйғотди.
Эслатиб ўтамиз, НТВ телеканалининг мазкур лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ташкил қилинмоқда.
Кўрсатув шу йилнинг октябрь ойида намойиш этилиши режалаштирилган.
Қуйида ижодий гуруҳнинг иш фаолиятидан олинган расмларни томоша қилишингиз мумкин.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги