Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбир бўлиб ўтди.
Бошқарма бошлиғи А.Юлдашов таъкидлаганидек, мамлакатимизда изчиллик билан олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги янгиликлар, тадбиркорликнинг ҳуқуқий ҳимояси юзасидан қонунчиликдаги қўшимча ва ўзгартиришларни кенг жамоатчиликка етказишда ва уларнинг ижросини таъминлашда оммавий ахборот воситалари етакчи куч саналади. Давлатимиз раҳбари соҳа ходимларига биз оммавий ахборот воситалари ходимлари тимсолида ўзининг чуқур билим ва тажрибаси, ноёб истеъдод ва маҳоратини халқимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, одамлар тафаккурини юксалтириш, жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик муҳитини мустаҳкамлаш, глобал ахборот маконида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишдек олийжаноб ишларга бағишлаган жонкуяр ва заҳматкаш инсонларни кўрамиз, дея юксак баҳо берди.
Тадбирда қонун устуворлигини таъминлаш, қонун бузилиш ҳолатларига қарши муросасиз курашиш, давлатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, ҳар қандай соҳада жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби муҳим вазифаларни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситаларининг бир гуруҳ ходимларига эсдалик совғалари топширилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири