Хабарингиз бор, 2023 йил 30 апрелда янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси амалга киритилди. Мазкур кодексда баъзи бир тоифа ходимларини иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатишга чекловлар қўйилган. Шулардан бири Меҳнат низолари комиссияси аъзоларидир. Янги Меҳнат кодексининг 547-моддасига кўра, Меҳнат низолари бўйича комиссиялар иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ҳар бир тарафдан вакиллар сони тенг бўлган ҳолда, тенг ҳуқуқлилик асосида тузилади.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, Меҳнат низолари комиссияси аъзолари ўзи кимлар?
Улар иш берувчининг вакилларидан (у ўринбосар, кадрлар хизмати ходими, юрист ва ҳоказо бўлиши мумкин) ва касаба уюшмаси қўмитаси аъзоларидан иборат бўлиши мумкин.
Меҳнат низолари комиссиясининг асосий ваколатлари бевосита фақат суд томонидан кўриладиган меҳнат низоларидан ташқари иш берувчи ва ходим ўртасидаги якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб қарор чиқаришдан иборат. Яъни, Меҳнат низолари комиссияси ҳам меҳнат низосини кўриб чиқувчи орган бўлиб, уни тузиш ёки тузмаслик масаласи жамоа шартномасида ёки иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ҳал қилинади.
Янги Меҳнат кодексининг 557-моддаси 1-қисмида: «Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг аъзолари бўлган ходимларга нисбатан улар ўз ваколатларини амалга ошираётган даврда тариф ставкасини (маошни) пасайтиришга ва иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилмайди, бундан ушбу Кодекс 161-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандида назарда тутилган ҳоллар мустасно», деб белгиланган.
Демак, иш берувчи ташаббуси билан боғлиқ ишдан бўшатишлар, яъни қисқартириш, малакасига кўра лавозимига номувофиқлиги, меҳнат мажбуриятларини мунтазам ёки бир марта қўпол бузганлиги каби важлар билан бўшатишларда (корхона ёки алоҳида бўлинмасини тугатиш ҳолати бундан мустасно) агар ходим Меҳнат низолари комиссияси аъзоси бўлса эҳтиёт бўлиш керак. Агар ходим комиссия аъзоси бўлиб, меҳнат низолари комиссияси ваколатини амалга ошираётган даврда бўлса, юқоридаги асослар билан уларни ишдан бўшатиш мумкин эмас.
И.Қаҳҳорова, хуқуқшунос
ЎзА