Истанбул шаҳрида “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Туркиянинг “Marmara Group” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил этилди.

Ўзбекистон – Туркия муносабатларига бағишланган ушбу тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков, “Marmara Group” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси директори Аккан Сувер, Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консули, шунингдек, икки мамлакат етакчи “ақл марказлари” экспертлари, олий таълим муассасалари вакиллари ва журналистлар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон – Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ҳамда сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий соҳаларда ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Икки томонлама самарали ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Бу давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги дўстона алоқалар, мунтазамлик касб этаётган олий даражадаги учрашувлар, самимий мулоқотларнинг натижаси экани қайд этилди.

Хусусан, Элдор Туляков Ўзбекистонда амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсатнинг мазмун-моҳияти ҳақида гапирди. Тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижаларига ҳам тўхталди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестиция, ижтимоий ҳамда бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалаларини яна бир бор муҳокама қилди. Биргаликда ҳамкорликнинг янги қирраларидан самарали фойдаланишга келишиб олинди.

ЎзА