Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постига пресс-тур ва тизимда амалга оширилаётган ишлар сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда иштирокчилар бошқарма биносида жойлашган “МЭД” божхона пости иш жараёни билан яқиндан танишди.

Таъкидлаш жоизки, “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постларининг ташкил этилиши ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ортиқча вақт ва харажатларининг сарфланишига батамом нуқта қўйиб, оралиқдан туриб замон талабларига мос электрон равишда божхона расмийлаштирувининг амалга оширилишига замин яратмоқда.

Аҳамиятлиси, божхона органларида жорий этилган хавфни бошқариш тизими ёрдамида божхона юк декларациялари хавфлилик даражасига қараб, “қизил”, “сариқ” ва “яшил” йўлакларга ажратилди. Бу эса ҳалол тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўлланиладиган “яшил” йўлакларда божхона кўригининг амалга оширилмаслиги, “сариқ” йўлакка тизим ёрдамида автоматик равишда йўналтирилган декларациялар эса соддалаштирилган божхона назоратидан ўтказилиши, фақатгина “қизил” йўлакдаги юкларгагина божхона кўригининг татбиқ этилиши ташқи савдо операциялари билан шуғулланувчи ҳалол тадбиркорлик субъектларининг вақт ва ортиқча оворагарчиликларининг олдини олиб, халқаро ташувларнинг тез ва самарали амалга ошишига замин яратмоқда.

Жорий йил бошидан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Масофавий электрон декларациялаш божхона пости томонидан расмийлаштирилган 7830 божхона юк декларацияси учун сарфланган вақт ҳажми таҳлил қилинганда, бир дона экспорт декларацияси учун ўрта ҳисобда “яшил” йўлакда 17 дақиқа-ю 40 сония, импортда эса худди шу тоифадаги декларация учун олиб кирилаётган товарлар хусусиятлари, тури ва миқдоридан келиб чиқиб, 50 дақиқа-ю 24 сонияда расмийлаштирилганлигини қайд этиш лозим.

Шундан кейин оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар учун бошқарма фаолияти, асосий кўрсаткичлари ва келгусидаги режалари бўйича матбуот анжумани ташкил этилиб, “тўртинчи ҳокимият” вакилларининг соҳага оид барча қизиқтирган саволларига жавоб берилди.

Тадбир якунида 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа фаолиятини кенг ёритишда ҳамкорлик қилаётган бир гуруҳ журналист ва блогерлар тақдирланди. Уларга бошқарма номидан “Ташаккурнома” эълон қилиниб, эсдалик совғалари топширилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА