Бугун Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар, Президент сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар ва ОАВ вакилларини аккредитация қилиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан айрим округ сайлов комиссиялари раисларининг ахборотига доир масалалар кўриб чиқилди.

Марказий сайлов комиссияси котибияти раҳбари Х.Маматов жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар хусусида маълумот берди. Таъкидланганидек, МСКга келиб тушаётган мурожаатларга Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва Котибиятнинг тегишли бўлимлари масъул ходимлари томонидан қонунчилик ҳужжатларига асосланган ҳолда, ўз вақтида жавоб қайтарилмоқда. Бирор-бир мурожаат эътибордан четда қолдирилмаётгани, ўз вақтида жавоб берилаётгани алоҳида қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, сайловга тайёргарлик кўриш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар бўйича кўрилган чоралар комиссия аъзолари томонидан муҳокама этилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Сайловнинг очиқ, ошкора ҳамда адолатли ўтишида халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштироки муҳим. Мажлисда халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан МДҲ, МДҲ ПА, ШҲТ ҳамда Германия, Испания, Туркия каби хорижий мамлакатлардан жами 124 нафар кузатувчи аккредитациядан ўтказилди.

Шунингдек, МСКга келиб тушган мурожаатлардан келиб чиқиб, маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 301 нафар вакили аккредитация қилинди. Бугунги кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 1 минг 155 нафарни ташкил этмоқда.

Шунингдек, мажлис давомида Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан 1-Қорақалпоғистон, 4-Жиззах ҳамда 11-Фарғона округ сайлов комиссияси раисларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни юқори ташкилий даражада ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлари хусусида ахборотлари тингланди.

Мажлисда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА