Бугун, 23 июнь куни Таиландда давом этаётган U-17 Осиё кубогининг учинчи турида терма жамоамиз Вьетнамга қарши баҳс олиб боради. Учрашув Тошкент вақти билан соат 17:00 да Бангкокдаги “Таммасат” стадионида бошланади.

Ўсмирлармиз Осиё кубогининг илк турида Япония термасига қарши майдонга тушиб, 1:1 ҳисобида дуранг қайд этганди. Иккинчи турда Ҳиндистонни 1:0 ҳисобида мағлуб этган ҳамюртларимиз ҳозирда 4 очко билан “Д” гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Гуруҳда ҳамюртларимиз билан бир хил очко жамғарган, аммо тўплар нисбатига кўра, бир оз устунликка эга Япония етакчилик қилмоқда.

Бугун шунингдек, Япония-Ҳиндистон жамоалари 3-тур ўйинларида рўбарў келади. Гуруҳда бир очкога эга Вьетнам ва Ҳиндистон жамоалари учун ушбу тур ўйини Осиё кубогининг сўнгги ўйини бўлиши эҳтимоли юқори. Аммо ҳар икки жамоа кейинги босқичга чиқиши учун рақибларини катта фарқ билан мағлуб этиш талаб этилади. Вьетнамликларнинг 20 июнь куни ўтган 2-турда Япониядан 0:4 ҳисобида мағлуб бўлиши, ҳамюртларимиз ҳиндларни 1:0 кўринишида доғда қолдиргани гуруҳда кунчиқар юрт вакиллари билан терма жамоамиз аъзоларининг кейинги босқичга чиқиш имконияти юқори эканини англатмоқда. Бироқ, барчасига бугунги ўйинлар ойдинлик киритишини назарда тутган ҳолда омад ўсмир футболчиларимиз томонида бўлишини истаб қоламиз. Зеро, футболда айрим ҳолларда кучлилар эмас, омадлилар муваффақиятга эришаётганига кўп бор гувоҳ бўлганмиз.

Эслатиб ўтамиз, 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Таиландда ўтаётган қитъа кубогида 16 жамоа 4 гуруҳга бўлинган ҳолда ғолиблик учун кураш олиб бормоқда. 2 июлгача давом этадиган қитъа кубогида энг яхши натижага эришган 4 та жамоа жорий йилнинг ноябрь ойида бўладиган U-17 жаҳон чемпионатида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

Т. Рўзиев, ЎзА