Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида Марказий Осиё очиқ чемпионатига старт берилди. Чемпионат доирасида тантанали очилиш маросими ҳам ташкил этилди.

Унда Чирчиқ шаҳар ҳокими Даврон Ҳидоятов, Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шахрулло Маҳмудов иштирок этиб, тадбир қатнашчиларига омад тилади. Ушбу чемпионат 24 июнгача давом этади.

Унда Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия, Тожикистон, Эрон ва Қозоғистон давлатидан 100 га яқин спортчи иштирок этмоқда. Мусобақанинг илк кунида қизлар 45 ва 49, ўғил болалар 49 ва 55 килограмм оғирликдаги вазн тоифасида куч синашади.

Мусобақа доирасида малакали мураббий ва ҳакамлар учун Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Оғир атлетика федерациялари билан ҳамкорликда илмий-амалий семинар ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Оғир атлетика федерацияси, Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти вакиллари, университет проректорлари, кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, Марказий Осиё, шунингдек, Туркия, Эрон, Озарбайжон каби хорижий давлатлар ва республикамиздаги ушбу соҳада фаолият юритаётган мутахассислар қатнашди.

Конференция давомида бир қатор халқаро ва маҳаллий мутахассислар ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети профессор-ўқитувчилари томонидан оғир атлетика спорт туридаги энг долзарб масалалар мавзуларида тақдимотлар ўтказилди.

Шу билан бирга, ушбу спорт турида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар таҳлили юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Якунда эса конференция иштирокчиларига сертификатлар топширилди.

А.Мусаев,ЎзА