“Expo-Russia Uzbekistan 2018” халқаро саноат кўргазмаси очилди

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Eхpo-Russia Uzbekistan 2018” халқаро саноат кўргазмаси ўз ишини бошлади.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Россиянинг “Зарубеж-Экспо” акциядорлик жамияти томонидан қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида илк маротаба ташкил этилди.

Кўргазмада Россиянинг энергетика, машинасозлик, металлургия, қурилиш, транспорт-логистика, телекоммуникация ва алоқа, кимё, агросаноат мажмуаси маҳсулотлари, халқ истеъмоли товарлари, озиқ-овқат, тиббиёт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги технологияларини ишлаб чиқариш, рақамли технологияларни жорий этиш билан шуғулланадиган 200 дан зиёд компания ва корхонаси ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш этмоқда.

2.JPG

8.JPG

Форум очилишида мамлакатимиз саноат салоҳиятини юксалтириш, корхоналарни техник ва технологик янгилаш орқали юқори сифатли товар ва хизматлар ишлаб чиқариш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўз самарасини бераётгани таъкидланди. Кичик бизнес субъектларининг дунё бозорига чиқиши учун яратилаётган шароитлар, саноатни модернизация қилиш ҳамда маҳаллий тадбиркорлар ва чет эллик сармоядорларнинг ўзаро ҳамкорлигини тобора мустаҳкамлаш борасидаги ишларни изчил давом эттиришга имкон туғдираётгани қайд этилди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни диверсификация қилиш, ижтимоий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилгани билан аҳамиятли.

Нефть-газ, тоғ-кон, металлургия, энергетика саноати иқтисодиётимизнинг муҳим стратегик тармоқларидан. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига давлат ташрифи давомида имзоланган ҳужжатлар ва келишувлар бу каби қатор стратегик соҳалардаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган. Мазкур соҳаларга ихтисослашган кўргазма павильонларида нефть-газ соҳасида разведка, қайта ишлаш, ташиш ва сақлаш, инфратузилма объектларида хавфсизликни таъминлаш, тоғ-кон саноати учун замонавий технологиялар, металлургия, машинасозлик, энергетика, қурилиш тармоқларига мўлжалланган ускуналар намойиш этилмоқда. Ушбу павильон иқтисодиётнинг реал сектори вакилларининг ўзаро мулоқоти учун платформа вазифасини ўтамоқда.

– Бугун Ўзбекистонда қурилиш соҳасида давлат бошқарувини ташкил этишда замонавий шаҳарсозлик услублари, меъёрлари ва қоидаларини жорий қилишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда, – дейди Россиянинг “Кран технологиялари” компанияси Бош директорининг биринчи ўринбосари Александр Михайлов. – Фаолиятимиз қурилишда кенг қўлланиладиган кўтарма кранларни ишлаб чиқаришдан иборат. Мазкур кранлар 60 тоннагача бўлган юкларни 70 метр баландликкача кўтара олади. Мамлакатингизда саноат кооперацияси асосида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Корхонамиз ҳам ушбу жараёнда фаол иштирок этишни мақсад қилган. Ўтган йиллар давомида турли хилдаги 20 та кранни ўзбекистонлик пудратчиларга етказиб бериш бўйича мажбуриятимизни муваффақиятли бажардик. Келгусида бундай кранларни шу ернинг ўзида ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз. Кўргазма ушбу мақсадлар йўлидаги ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олишда амалий қадам бўлишига ишонамиз.

Мамлакатимизда янги транспорт-логистика йўналишларини очиш, ушбу мақсадда автомобиль ва темир йўл тармоқларини кенгайтириш, соҳада рақамли технология имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда. Россиялик ишбилармонлар томонидан тақдим этилаётган логистика тармоқлари, юк ташиш, рақамли технологияларни ишлаб чиқариш ва саноатга жорий этиш хизматлари ҳам Ўзбекистоннинг халқаро транспорт-коммуникация тизимларига интеграциялашувини таъминлаш ҳамда анъанавий технологиялар имкониятларини ошириш учун шароит яратади.

12.JPG

13.JPG

– Ҳозирги кунда жаҳон миқёсида ишлаб чиқариш сифати ва унумдорлигига талаб ортиб бормоқда, – дейди ITPS компанияси директорлар кенгаши раиси Леонид Тихомиров. – Ушбу жараёнда корхоналарнинг ишлаб чиқариш, молиявий жараёнларни бошқариш ва такомиллаштиришда инновацион тизимларни жорий этиши муҳим аҳамиятга эга. Зеро, рақамли технологиялар меҳнат ва ресурс сарфини 20 фоиздан 50 фоизгача тежаш имконини беради. Корхонамиз Ўзбекистон бозорида 10 йилдан буён фаолият олиб бормоқда, саноатнинг турли соҳаларида рақамли технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларда иштирок этиб келмоқдамиз. Кўргазмада иқтисодиётнинг реал секторида фойдаланиш мумкин бўлган инновацион ишланмалар ва хизматлар билан қатнашяпмиз. Бу каби форумлар янги технологиялар билан танишиш ва ишбилармонларнинг ўзаро мулоқотини йўлга қўйиш учун замин яратади.

Кўргазманинг яна бир иштирокчиси – бу “IYRA” ёш робототехниклар халқаро ассоциациясидир. Болалар ўртасида робототехника йўналишида таълимни ташкил этиш билан шуғулланувчи ушбу ташкилот Ўзбекистонда мактабгача ва умумтаълим ёшидаги болаларнинг робототехника соҳасидаги қобилиятини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни тақдим этмоқда.

Кўргазмалар доирасида тақдимот маросимлари, давра суҳбатлари, иштирокчилар ва мутахассислар ўртасида музокаралар ўтказилмоқда.

 

Улуғбек Шоназаров, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА