Япония Бош вазири Фумио Кисида Токиода журналистлар билан суҳбатда мамлакат парламенти қуйи палатасини жорий сессия давомида тарқатиб юбориш нияти йўқлигини айтди.

Шунингдек, у ҳукмрон Либерал-демократик партия раҳбариятига ҳукуматга ишончсизлик билдириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентга киритилса, дарҳол рад этиш бўйича кўрсатма берганини айтди.

Аввалроқ “Kyodo” агентлиги ўз манбаларига таяниб, Япония мухолифати ҳукуматга ишончсизлик тўғрисидаги резолюция лойиҳасини 16 июнь куни тақдим этиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди.

Мухолифат ҳукуматнинг мудофаа тизимини молиялаштириш учун солиқни оширишга қаратилган сиёсатига норозилик билдирмоқда.