Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида кураш бўйича Ўзбекистон Президенти соврини учун Амир Темур хотирасига бағишланган VII халқаро турнир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, мамлакатимиз кураш федерацияси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва Кураш халқаро ассоциацияси томонидан қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилган нуфузли турнирнинг умумий соврин жамғармаси 50 минг АҚШ долларини ташкил этиб, мутлақ вазн тоифасида мусобақа ғолиблигини қўлга киритган курашчи Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини – 10 минг АҚШ доллари билан мукофотланиши белгилаб қўйилди.
Турнирнинг тантанали очилиш маросимида Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Ш.Исроилов, Кураш халқаро ассоциацияси асосчи раиси К.Юсупов миллий қадриятимиз кураш бугун дунёнинг барча минтақасида жадал ривожланиб, нуфузи юксалиб бораётганини таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 2 октябрдаги “Кураш” миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори миллий курашни мамлакатимиз ва халқаро миқёсда янада ривожлантириш ва оммалаштиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Қатор мамлакатларда кураш бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатлари, нуфузли турнирлар мунтазам ўтказилаётгани, 2007-2008 йилларда Макао ва Вьетнамда ўтган II ва III Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида, 2009 йили Таиландда Жанговар яккакурашлар бўйича I Осиё ўйинларида, 2014 ва 2016 йилларда Таиланд ва Вьетнамда ўтган Осиё соҳил ўйинларида, 2013 йили Жанубий Кореяда ва 2017 йили Туркманистонда ўтказилган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича Осиё ўйинларида кураш бўйича мусобақалар бўлиб ўтгани, 2018 йили Индонезияда бўладиган ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилгани ҳеч муболағасиз унинг келажак спорти сифатида Олимпия ўйинлари дастуридан жой олишига ишонч бағишлайди.
“Ҳисор” марказий стадионида ўтказилган нуфузли турнирда дунёнинг ўттизга яқин давлатидан энг кучли полвонлар эркаклар ўртасида тўртта, аёллар ўртасида эса иккита вазн тоифаларида ғолиблик учун баҳс олиб борди.
– Бу йилги мусобақа дунёнинг кучли полвонларини Шаҳрисабзга жам қилганига гувоҳ бўлдик, – дейди Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Ш.Арслонов. – Бугун кураш бутун дунё спортига айлангани бизларни қувонтиради.
Ҳаяжонга бой беллашувлар, “Ҳисор” марказий стадионига йиғилган кураш мухлисларининг олқишию ҳайқириқлари ўзгача кайфият бағишлади.
– Ўзбекистон ва Афғонистон маданияти, миллий қадриятлари бир-бирига ўхшаш. Шу боис ўзбек миллий қадрияти – кураш ҳам Афғонистонда жуда севимли спорт тури сифатида тобора ривожланиб, оммалашиб бормоқда, – дейди Афғонистон кураш федерацияси бош котиби Шер Али Асадий. – Гўзал ва бетакрор Шаҳрисабз шаҳрида кураш бўйича Ўзбекистон Президенти соврини учун Амир Темур хотирасига бағишлаб ташкил этилган халқаро турнирда қатнашиш бахтига муяссар бўлганимиздан хурсандмиз.
– Ўзбекистоннинг гўзал табиати, бетакрор тарихий масканлари, шаҳару қишлоқлари, халқингизнинг самимияти ва меҳмондўстлиги менда катта таассурот қолдирди, – дейди Буюк Британия спортчиси Эмили Кроуфорд. – Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида намойиш этилган халқингизнинг бой маданияти, миллий урф-одатлари ва қадриятларини томоша қилиш катта завқ бағишлади. Юртингизда кураш бўйича ташкил этилган мусобақа мен учун катта тажриба мактаби вазифасини ўтади.
Мутлақ вазн тоифасидаги полвонлар ўртасида ўтган финал беллашувида ҳамюртимиз Шерали Жўраев эронлик Жафар Паҳлавонийни мағлуб этиб, олтин медаль билан бирга Ўзбекистон Президенти соврини – 10 минг АҚШ долларига эга бўлди. Жафар Паҳлавоний иккинчи, ҳамюртимиз Илҳом Жўраев ва мўғулистонлик Анар Дорч учинчи бўлди.
– Нуфузли турнирда ғалаба қозонганимдан хурсандман, – дейди Шерали Жўраев. – Бу каби мусобақалар тажриба ва маҳоратимизни оширишга, курашнинг дунёда янада оммалашишига хизмат қилади. Президентимиз совринини қўлга киритганим келгусида кураш бўйича халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришишимда янги куч бағишлайди. Финалдаги рақибим жуда кучли эди, аммо мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши ва ишончи ғалаба қозонишимда муҳим омил бўлди.
Шунингдек, эркаклар ўртасида эронлик Илёс Али Акбарий, тожикистонлик Беҳрузий Ҳожизода, Камроншоҳ Устапирён, аёллар ўртасида Гулнор Сулаймонова ва Гулноза Матниёзова ўз вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди.
Мусобақа иштирокчилари ва меҳмонлари Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги тарихий ёдгорликлар, мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, барпо этилган замонавий иншоотлар билан танишди.