Дунёдаги илк денгизости меҳмонхонаси барпо этиляпти

Денгизда устунлар асосига барпо этилган Бунгалов уйлари тарихда қоладиган бўлди. Гап шундаки, Малдивда дунёдаги биринчи денгизости меҳмонхонаси барпо этиляпти.

Малдивдаги Рангали оролида “Conrad Maldives Randali Island” меҳмонхонасининг бир бўлаги сифатида дунёдаги илк денгизости меҳмонхонаси қурилиши бошлаб юборилди. Шу йил охиригача фойдаланишга топширилиши мўлжалланаётган сувости маъвосига бормоқчи бўлган кишилар Ҳинд океанининг фаунаси ҳамда ўсимликлар қўйнида ором олишади.

Меҳмонхона денгиз сатҳидан 5 метр пастда бўлса-да, лекин у муҳташам саройлардан қолишмайди. Хоналари катта, ҳаммом, ётоқхоналар, кийиниш хонаси, зал – барчаси юксак дид билан безатилган.

Денгизости манзараси, балиқлар, сувости ўсимликлар дунёси, сув юзасида шуълаланадиган қуёш нурлари гўзал манзарани касб этади.

Денгиз остидаги виллаларда фақат сув тубини эмас, балки денгиз устини ва қуёш ботишини ҳам кўриш имкони бор. Томошабинларни сеҳрлаб қўядиган бу меҳмонхона Малдивда гаплашиладиган диваҳий тилида “маржон” маъносини англатадиган “Мурака” номи берилди.

Меҳмонхонани барпо этишни зиммасига олган “Crown Company” қурилиш фирмаси сувости жониворларини чўчитиб юбормасликни ҳам эътибордан четда қолдирмаган.

Лойиҳа бош меъмори Аҳмад Салимнинг айтишича, мижозларга янгиликлар ва беназир имкониятлар тақдим этиш нияти дунёда илк денгизости меҳмонхонасини қуришга иштиёқ уйғотган.

Толибжон Низомов тайёрлади.

 

ЎзА