Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги имкониятлари Малайзияда намойиш этилди

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчилари Малайзияда малакасини оширмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 8 августдаги фармони ижросига мувофиқ, академия ва “Истеъдод” жамғармаси томонидан ташкил этилган ўқув замонавий давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, туризм каби соҳаларда амалга оширилаётган янгиликлар билан таниш ҳамда бу борада билим ва кўникмага эга бўлишга қаратилган.

Мазкур ўқув доирасида Малайзияда Ўзбекистоннинг туристик имкониятларини тарғиб қилишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси ҳамкорлигида ўтказилди.

Малайзия миллий университети (Кебангсаан) профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этган тадбирда мамлакатимиз тарихий обидалари, улуғ аждодларимиз, серқуёш ўлкамизнинг туристик потенциали ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.

Малайзияда айни пайтда 31 миллион нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 60 фоизи ислом, 20 фоизи буддизм, 9 фоизи христиан, 6 фоизи эса индуизм динига эътиқод қилади. Шу маънода, тадбирда Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича ташаббуси ва ушбу резолюциянинг мазмун-моҳияти миллатлараро тотувлик ва диний эркинликни таъминлашга қаратилганлиги катта аҳамиятга эга экани ҳақида ҳам сўз борди.

– Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз сингари қадимий шаҳарларимиздаги бетакрор тарихий обидалар ва юртимизда хавфсиз туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича тақдимотлар намойиш этдик, – деди академия тингловчиси И.Соипов. – Айниқса, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий ва бошқа ислом илми ривожига муносиб ҳисса қўшган буюк алломалар мангу қўним топган қадамжолар ва ушбу масканларда зиёратчилар учун яратилган қулайликлар тўғрисидаги маълумотлар малайзияликларда катта қизиқиш ўйғотди. Албатта, бу каби саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонга келувчи хорижлик сайёҳлар сонини оширишга хизмат қилади.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА