Латвия парламенти делегацияси Қонунчилик палатасига ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 17 апрель куни Латвия Республикаси Сейми Раиси Инара Мурниеце раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов Ўзбекистон ва Латвия ўртасида ўзаро ишонч ҳамда манфаатдорликка асосланган муносабатлар парламентаризм соҳасида изчил ривожланаётгани қайд этди. Мамлакатларимизни кўп йиллик ҳамкорлик ва мустаҳкам дўстлик ришталари боғлаб туриши, қонун ижодкорлиги борасидаги фаол алоқалар ва ўзаро маслаҳатлашувлар тенг ҳуқуқлиликка асосланган шериклик муносабатларининг яна бир ифодаси экани таъкидланди.
5.JPG
Ўзбекистон билан Латвия ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. 1992 йилда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларига оид давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро кўплаб ҳужжатлар имзоланган.
Қонун чиқарувчи органлар ўртасидаги ҳамкорлик ижобий самараларини бермоқда. 2010 йилда Латвия Сеймида таъсис этилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ ҳамда 2012 йилда Ўзбекистон парламентида ташкил қилинган Латвия Сейми билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ ўзаро тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Музокаралар чоғида икки мамлакат ўртасидаги ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базаси, ҳамкорликнинг ҳуқуқий-келишув асосларини такомиллаштиришга оид масалалар муҳокама қилинди. Уюшган жиноятчилик, терроризм, гиёҳванд ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича тузилган Ўзбекистон – Латвия ҳамкорлик комиссияси олиб бораётган ишлар юзасидан фикр алмашилди.
10.JPG
Учрашувда меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, ундаги қўмиталар, фракциялар ва депутатлик гуруҳларининг фаолияти тўғрисида маълумот берилди.

 

Улуғбек Шоназаров, Аъло Абдуллаев (сурат) ЎзА