Шавкат Мирзиёев: Йўл қурилишида сифат асосий кўрсаткич

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифи давомида М-34 «Тошкент – Душанбе» автомобиль йўлининг 117-146 километридаги Тошкент кўчасида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишди.

Айни пайтда ушбу йўлнинг икки километрида намуна сифатида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Махсус пиёдалар йўлакчаси, аҳолинининг велосипедда ҳаракатланиши учун алоҳида йўлак ташкил этилган ҳамда замонавий энергия тежамкор кўча ёритгичлари ўрнатилиб, кўчанинг икки томонида манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Йўл олти поласали бўлиб, атрофида вокзал, автобус бекатлари, масжид, сайёҳлик маркази, маданият ва маиший хизмат кўрсатиш маркази, бозор, диагностика маркази каби ижтимоий соҳа объектлари барпо этилади. Мазкур кўча 2018-2019 йилларда қурилиб, фойдаланишга топширилади.

– Йўл бўйидаги инфратузилма объектлари қурилишига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Уларнинг бир-бирига ҳамоҳанг бўлиши, умумий концепция касб этиши мақсадга мувофиқ бўлади, – деди Президент. – Йўл қурилишида шошма-шошарлик қилиш керак эмас. Бу борада сифат асосий кўрсаткич бўлмоғи лозим.

Давлатимиз раҳбари йўл бўйидаги темир тўсиқлар йўловчиларга ҳалақит бермаслиги лозимлигини таъкидлади.

Rasmiy yullar.jpg

Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, пиёда ва ҳайдовчиларга қулай шарт-шароитлар яратилади, шунингдек, келгусида шаҳарнинг замонавий архитектуравий қиёфаси талабларига асосан Тошкент кўчаси мисолида вилоятнинг барча кўчалари шу асосда қайта таъмирланади.

Президентимизнинг вилоятга ташрифи давом этмоқда.

 

Абу Бакр Ўрозов, ЎзА