Туркия келгуси етти йил ичида TOGG электромобиллари ишлаб чиқаришни 1 миллион донага етказади, деб баёнот берди Президент Режеп Таййип Эрдоған.
“Етти йилдан кейин йўлларда бир миллионта TOGG электромобилларини кўрасиз”, – деди Эрдоған маҳаллий журналистларга интервью бера туриб.
Унинг таъкидлашича, электромобилларга талаб ҳозирда жуда юқори. Эрдоған фуқароларнинг TOGG электрокараларини харид қилиши учун махсус кредитлар ажратишни муҳокама қилиш бўйича давлат банклари вакиллари билан учрашиши мумкинлигини ҳам таъкидлаб ўтган.
Эрдоған билан унинг рафиқаси Эминехоним Туркияда ишлаб чиқарилган ушбу миллий электромобилнинг биринчи соҳиби бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга ҳам биттадан TOGG электрокараси совға қилинган.
Моделнинг иккита – седан ва йўл танламас версияси ишлаб чиқарилади.
Энг арзон модели 160 киловоттли аккумуляторга эга бўлиб, бир қувват олганда 314 километр юради. Нархи 50 минг доллардан кўпроқ. Аккумуляторни 80 фоизгача қувватлантиришга махсус мосламада 28 дақиқа кетади, оддий розеткада эса олти соат зарур бўлади. Шунингдек, бутун мамлакат бўйлаб икки мингдан зиёд қувватлантирувчи станциялар ўрнатилган.
Жорий йилнинг март ойидан бошлаб Туркия ҳукумати Хитойдан келтирилаётган электромобилларга қўшимча 40 фоиз солиқ жорий қилди. Бундан ташқари, электромобилларга солиқ солиш тартиблари ҳам ўзгартирилган.