Хитой божхона хизмати статистикасига кўра, ўтган йили Хитой билан Тожикистон ўртасида 2,6 миллиард долларлик савдо амалга оширилган. Бу 2021 йил билан солиштирганда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 40 фоизга ошганини билдиради, деб ёзмоқда Тожикистоннинг “Ҳовар” агентлиги.

Хитой Тожикистон иқтисодиёти учун йирик инвестиция манбаи ҳисобланади. 2022 йил январь ойидан то сентябрь ойигача Хитой инвестицияси Тожикистон иқтисодиётига жалб қилинган жами хорижий инвестицияларнинг қарийб 40 фоизини ташкил қилган. Икки мамлакат ўртасида транспорт, энергетика ва саноат соҳаларида қатор муҳим инфратузилмавий лойиҳалар, амалга оширилмоқда.

Маълумот учун: Тожикистон ва Хитой муносабатларининг асосий тамойиллари тўғрисидаги Декларация 1993 йил 9 март куни имзоланган. Ушбу ҳужжат икки томонлама муносабатларнинг ривожланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор ясади ва икки мамлакат халқлари манфаатларига хизмат қилмоқда, дейилади хабарда.