Қўшма Штатлар маъмурияти Тайвандаги вазият юзасидан Хитой билан зиддиятга интилмаяпти. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен “Euronews” телеканалига берган интервьюда айтиб ўтди.

“Биз Тайвань масаласида инқирозни истамаймиз, бу ҳақда Хитойга кўп марта айтганмиз. Аксинча, биз тинчлик, барқарорликни сақлаш учун имкониятлар яратмоқдамиз. Ўн йиллар давомида Тайвань масаласида бизнинг қарашларимиз ўзгармаган”.

“Хитой ва Тайвань ўртасидаги ҳар қандай келишмовчиликни тинч йўл билан ҳал қилиш керак. Ҳеч бир томон статус-квони бузадиган ҳеч қандай ҳаракат қилмаслиги керак”, деб таъкидлади Давлат котиб.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ иттифоқчилари ва ҳамкорлари, айниқса Осиё мамлакатлари, “агар Хитой ва орол ўртасида низо чиқса, оқибати деярли барча давлатларга таъсир қилади”.

“Дунёдаги тижорий транспортнинг 50 фоизи ҳар куни Тайвань бўғози орқали ўтади. Смартфонлар, автомобиллар ва бошқа маҳсулотларга зарур бўладиган ярим ўтказгичларнинг 70 фоизи оролда ишлаб чиқарилади. Шунинг учун инқирознинг дунё иқтисодиётига таъсирининг олдини олиш учун ҳаммадан масъулиятли хатти-ҳаракатлар қилиш талаб этилади”, деб қўшимча қилди Блинкен.

ЎзА