Камбожа қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги вазирлиги чоршанба куни Champei Sar 70 (CPS 70) деб номланган хушбўй гуручнинг янги навини тақдим этди. Янги навли гуруч қарийб ўн йилдан буён олиб борилган тадқиқотлар ва ишланмалар натижасида яратилди, деб ёзмоқда «Синьхуа» агентлиги.
CPS 70 навининг яратилишига Камбожанинг қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва ишланмалари институти билан Австралия олимлари ҳамкорлигида эришилган бўлиб, тадқиқотлар қарийб 9 йил давомида қуруқ ва ёғинли мавсумларда 80 та дала тажрибаси олиб борилди, дейилади хабарда.
Матбуот хабарномасида келтирилишича, гуручнинг CPS 70 нави Камбожанинг Пхка Румдуол с CNi9024 гуруч нави асосида олинган бўлиб, ушбу нав ўз вақтида кўплаб мукофотларга сазовор бўлган.
Аниқлик киритилишича, CPS 70 – бу хушбўй гуруч бўлиб, уч ойда пишиб етилади.
Хушбўй гуручга бутун дунёда талаб катта. Камбожа экспорт қилаётган жами тозаланган гручнинг 60 фоизидан кўпи хушбўй гуруч ҳисобланади. 2025 йилга келиб Камбожа тозаланган гуруч экспортини йилига 1 миллион тоннага етказишни мўлжалламоқда.
Хабарда айтилишича, қишлоқ хўжалиги мамлакат иқтисодиётининг муҳим соҳаларидан бири ҳисобланади. 2021 йилда Камбожа ЯИМининг қарийб чорак қисми қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортидан тушган даромадга тўғри келган. Мамлакат аҳолисининг учдан бир қисми ушбу соҳада меҳнат қилади, қолаверса, уларнинг ярмидан кўпи аёллардир.