Хитойнинг Уси шаҳрида таэквондо WТ бўйича «Париж-2024» Олимпиадаси рейтинг очколарини тақдим этадиган «Катта дубулға» мусобақаси якунланди.

Нуфузли мусобақанинг саралашидан муваффақиятли ўтган 6 нафар ҳамда турнир ташкилий қўмитаси томонидан расмий таклифнома орқали финалга йўл олган икки нафар ҳамюртимиз медаллар учун кураш олиб борди.

«Токио-2020» Олимпиадаси ғолиби Улуғбек Рашитов финал йўлидаги баҳсларнинг барчасини ғалаба билан якунлаб, олтин медал учун курашда эронлик таэквондочи билан рўбарў келди ва рақибини қийинчиликсиз 2-ўрин билан кифояланишга кўндирди.

Халқаро турнирнинг яна бир олтин медалини терма жамоамиз ҳисобига 80 кило оғирликдаги жангда хитойлик таэквондочини енгган Жасур Жайсунов тақдим этди.

Ўтган йили мамлакатимизда “2022 йилнинг энг яхши спортчиси”, деб топилган Светлана Осиповага ғолиблик йўлидаги беллашувда бироз омад етишмади. У бронза медали билан чекланди.

Шу ўринда айтиш лозимки, мазкур «Катта дубулға» халқаро турнирида 2 та олтин ва 1 та бронза медалига сазовор бўлган мамлакатимиз таэквондочилари «Париж-2024» Олимпиадаси йўлланмаларига эга чиқишга анча яқинлашди. Жорий йил декабрь ойида ўтадиган яна бир «Катта дубулға» турнирида зафар қозонилса, келгуси йил бўладиган ёзги Олимпия ўйинларининг дастлабки лицензиялари қўлга киритилади.

Т.Рўзиев, ЎзА