Черногорияда бўлиб ўтаётган президент сайловининг иккинчи босқичида “Европа айни пайт” партияси номзоди Яков Милатович ғалаба қозонди. У 60 фоиз сайловчи томонидан қўллаб-қувватланди.
Эслатиб ўтамиз, икки ҳафта олдин биринчи босқичда даъвогарлардан ҳеч бири етарли овоз тўплай олмаганди.
“Euronews” ёзишича, аҳолиси 620 минг кишини ташкил этадиган Черногорияда 540 минг киши овоз бериш ҳуқуқига эга.
Милатович 2020 йил декабрдан 2022 йил апрелгача иқтисодиёт ва иқтисодий ривожланиш вазири лавозимига эгалик қилган. Ўша йиллари “Европа айни пайт” партияси таъсис этувчисига айланди. Ғалабадан сўнг тарафдорлари олдида нутқ сўзлаган Милатович келгуси беш йил ичида Черногория Европа Иттифоқига қўшилишига ишонч билдирди. Мамлакат 2008 йил ЕИга номзод мақомини олган.
Шундай қилиб, Милатович Югославия парчалана бошланганидан бери 30 йилдан зиёд вақт мобайнида ҳокимият тепасида бўлган Мило Жуканович ўрнини эгаллайди. Жуканович президентлик вазифасини 21 майга қадар давом эттиради.
Г.Абдуллаева, ЎзА