Франция Президенти Эммануэль Макрон 5-7 апрель кунлари Хитойга давлат ташрифи билан келади. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Хуа Чуньин маълум қилди.

“Хитой Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан Франция Президенти Эммануэль Макрон 5-7 апрель кунлари Хитойга давлат ташрифи билан келади”, дейилади, шунингдек, ТИВ сайтида.

“France-Presse” ўтган ҳафта охиридаги хабарида Макрон Хитойга сафар чоғида ХХР раҳбарияти билан Украинадаги вазиятни муҳокама қилиш ва Пекинни Россияга ҳарбий ёрдамидан огоҳлантириши кутилаётгани ҳақида ёзган эди.

Агентлик, шунингдек, Макрон короновирус пандемияси сабабли узоқ вақт давомида юзма-юз алоқа қилмаганидан кейин муносабатларни тиклашга интилаётганини қайд этган эди.

Макрон ва Цзиньпин охирги марта Индонезиядаги “G20” саммити доирасида учрашишган ва Франция давлат раҳбарининг Пекинга сўнгги ташрифи 2018 йилнинг январь ойида бўлиб ўтган эди.

Шунингдек, Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳам шу кунлари Хитойга ташриф билан келади, деб маълум қилди ХХР ТИВ расмий вакили Мао Нин.

ЎзА