Туркия Буюк Миллат Мажлиси (парламенти) Финляндиянинг НАТОга кириши ҳақидаги протоколни ратификация қилиш қонун лойиҳасини маъқуллади. Овоз бериш пайшанба куни парламентнинг ялпи мажлисида бўлиб ўтди, деб хабар берди “Анадолу” агентлиги.

Сессияда қатнашган барча 276 нафар депутат қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади.  

Шундай қилиб, Финляндия Иттифоққа кириш учун тўлиқ қонуний асосга эга бўлди.

Туркия шу пайтгача Хельсинкининг Альянсга қўшилишини маъқулламаган НАТОнинг охирги аъзоси эди.

Ундан аввал Венгрия 27 март куни Финляндиянинг тегишли ҳужжатини ратификация қилган эди.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифасида “Финляндиянинг Шимолий Атлантика альянсига қўшилиши учун ратифакация жараёнини якунлаган Туркия парламентини олқишлайман”, деб ёзди.

Бош котиб, шунингдек, Финляндиянинг қўшилиши Иттифоқни “кучлироқ ва хавфсизроқ” қилишини таъкидлади.

 

ЎзА