Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған 27 апрелда Россия Президенти Владимир Путин мамлакатига ташриф буюриши мумкинлигини маълум қилди. Аввалроқ у айнан шу куни Мерсиндаги “Аккую” атом электр станциясига ядро ёқилғиси етказиб бериш режалаштирилганини айтганди.
— 27 апрелда, балки, жаноб Путин ҳам келади ёки биз онлайн боғланиб, биринчи қадамни қўямиз, деган умиддаман, — деди Эрдоған “A Haber” телеканалига берган интервьюсида.
“РИА Новости” ёзишича, Туркиядаги “Аккую” АЭС қурилиши майдончасига ядро ёнилғиси етказиб берилади ва ўша ердаги янги ёнилғи сақлаш манзилига жойлаштирилади. Ёнилғи етказиб берилган ондан бошлаб “Аккую” ядровий иншоотга, Туркия эса атом энергетикаси мавжуд мамлакатга айланади.
Эслатиб ўтамиз, Россия иштирокида қурилаётган мазкур мажмуа Туркиядаги биринчи атом электр станцияси. Иншоотнинг 4 блоги Россиянинг илғор “ВВЭР-1200” реакторлари билан жиҳозланади. Ушбу ускуналарнинг ҳаммаси ишга тушгач, станция йилига 35 миллиард киловатт-соатга яқин электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу миқдор мамлакатнинг электр энергиясига бўлган 10 фоиз эҳтиёжини қоплаши кўзда тутилган. Эътиборлиси, қиймати, тахминан, 20 миллиард долларни ташкил қиладиган бу ғоя глобал ядро саноатида “қур – ўз – ўзлаштир” модели бўйича амалга оширилаётган илк лойиҳа. Қолаверса, “Аккую” ядро саноатидаги ҳар қандай замонавий халқаро хавфсизлик талабига жавоб беради.
АЭСнинг биринчи энергия блоки қурилиши 2018 йил апрелда, иккинчиси 2020 йил апрелда, учинчиси 2021 йил мартда, тўртинчиси 2022 йил июлда бошланган.
ЎзА