Сингапурда сув полоси бўйича эркаклар ва аёллар терма жамоалари ўртасида ўтказилган Осиё биринчилигида мамлакатимиз аёллар терма жамоаси бронза медалини қўлга киритиб, жорий йил 1-7 май кунлари Германияда ўтадиган жаҳон кубоги босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Жаҳон кубогига илк бор йўлланмани қўлга киритган ҳамюртларимиз қитъа чемпионати давомида муносиб ўйин намойиш этди. Бу якуний ҳисобларда ҳам акс этди. Вакилаларимиз таиландликларни 16:13, Сингапур жамоасини 11:10 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Эришилган натижаларга кўра, Қозоғистон вакиллари биринчи, таиландликлар иккинчи, Ўзбекистон терма жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.

Эркаклар ўртасидаги баҳсларда ҳамюртларимиз Хитой, Сингапур, Эрон, Таиланд, Гонконг, Қозоғистон, Филиппин каби 8 та терма жамоа билан икки гуруҳга бўлинган ҳолда куч синашди.

Ўзбекистон терма жамоаси «А» гуруҳидаги босқич ўйинлари якунида 5-8 ўринлар учун курашни давом эттирди. Плей-офф босқичининг дастлабки учрашувида Гонконг терма жамоасини 12:11 ҳисобида мағлубиятга учратган ватерполчиларимиз 5-6 ўринлар учун Сингапур термаси билан баҳс юритди. Сўнгги дақиқага қадар муросасиз курашлар остида кечган мусобақада мезбонлар 12:11 ҳисобида зафар қучди.

Шу тарзда эркаклар ўртасидаги мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси кучли олтиликдан ўрин эгаллади.

ЎзА