Хабар берганимиздек, пойтахтимизда шахмат бўйича икки кун давом этган Рустам Қосимжонов халқаро турнири кутилган ва кутилмаган натижаларга бой кечди.
Бугун кун мобайнида халқаро турнирнинг қолган 4 та тур ўйинлари бўлиб ўтди. Муросасиз курашларга бой кечган мусобақада истеъдодли шахматчимиз Жавоҳир Синдоров 6,5 очко жамғарган ҳолда мамлакатимизда илк бор ташкил этилган Рустам Қосимжонов халқаро турнирининг “Мастерс” гуруҳида ғолибликни қўлга киритди.
Эронлик шахматчи Пархам Магсудлу 6 очко билан 2-ўринни, ҳамюртимиз Шамсиддин Воҳидов 5 очко жамғарган ҳолда учликка якун ясади. Ушбу гуруҳда ғолибликка асосий даъвогар саналган Нодирбек Абдусатторов кучли бешликдан ўрин олди.
Халқаро турнирнинг “Челленжер” гуруҳида ҳамюртимиз Ортиқ Неъматов ва сербиялик Александар Инджич 6,5 очкога эга бўлишди. Аммо, коэффициентлар эвазига сербиялик шахматчи 1-ўринни ҳамюртимиз Неъматов ушбу гуруҳда 2-ўринни эгаллагани қайд этилди.
Т.Рўзиев, ЎзА