Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида

Қайта тикланувчи энергия ва барқарор ривожланиш бўйича тренинг, консалтинг ва медиа хизмати таклиф қилувчи “solarabic.com” нашрида “Саудия Арабистони: “ACWA Power” Ўзбекистонда қуёш электр станцияси қуриш ва аккумулятор энергияси сақлаш лойиҳаларини амалга оширади” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

“ACWA Power” компанияси Миллий электр тармоғи ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан инвестиция битими имзолагани батафсил ёритилган мақолада яшил лойиҳалар тўғрисидаги келишувларга ҳам эътибор қаратилган, Тошкент ва Самарқандда қуёш энергияси ишлаб чиқаришга йўналтирилган учта лойиҳа, Тошкент, Самарқанд ва Бухорода аккумулятор энергияси сақлаш бўйича уч тизим ишлаб чиқилиши таъкидланган.

Қуёш фотоэлектр станцияларининг умумий қуввати 1.4 ГВт, аккумуляторли энергия сақлаш тизими қуввати эса 1500 МВт/соат эканига урғу берилган.

Муаллиф “ACWA Power” директорлар кенгаши раиси Муҳаммад Абунайяндан шундай иқтибос келтиради: Тошкентда 400 мегаватт қувватга эга қуёш электр станцияси ва 500 мегаваттли аккумулятор энергияси сақлаш тизими лойиҳалаштирилган. Ҳар бир ғояга қўшимча равишда 500 МВт қувватли иккита қуёш энергияси лойиҳаси киритилган. Шунингдек, Самарқандда ҳар бир лойиҳа учун 500 МВт/соат қувватга эга аккумулятор энергияси сақлаш тизимини ишлаб чиқамиз. Бухорода электр энергиясини тармоққа ўтказишга ёрдам берадиган ҳаво узатиш линиясини ўз ичига олган яна бир шундай тизим вужудга келади.

Ўзбекистоннинг кам углеродли иқтисодиётга ўтиш мақсадига қаратилган мазкур яшил лойиҳалар 2030 йилгача 35 фоиз электр энергиясини қайта тикланадиган манбалардан ишлаб чиқариш, шунингдек, ҳар йили 16 миллионга яқин карбонат ангидрид чиқиндисини камайтиришга хизмат қилади.

Батарея энергиясини сақлаш тизими тармоқни барқарорлаштиришда муҳим аҳамият касб этади, қайта тикланадиган энергия манбаларидан узилиш оқибатини юмшатишга ёрдам беради. Ушбу тизимлар, шунингдек, юқори самарадорлик даврида ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини сақлаш ва кам ишлаб чиқариш даврида фойдаланиш имконини беради. Бу электр тармоқларини барқарор ва ишончли таъминлайди, энергияга талабни тўлиқ қондиришга кўмаклашади.

“ACWA Power” компаниясининг яшил водород, яшил аммиак ва тоза энергия соҳасидаги тажрибаси Ўзбекистон тараққиётига хизмат қилиши шубҳасиз. Сўнгги батарея қувватини сақлаш тизими лойиҳаси эса ҳамкорларимизнинг мамлакат энергетика ландшафтини ўзгартиришга содиқлигининг ёрқин далилидир.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА