БМТ Хавфсизлик кенгаши Россиянинг “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим -2” газ қувурларида портлаш юзасидан Ташкилот шафелигида халқаро тергов ўтказиш тўғрисидаги резолюцияни қўллаб-қувватламади. 27 март куни бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида Россия, Хитой ва Бразилия ҳужжатни маъқуллади, Хавфсизлик кенгашининг 12 аъзоси эса бетараф қолди.

Резолюцияни қабул қилиш учун камида тўққизта аъзо уни маъқуллаши ва Россия, Хитой, Франция, АҚШ,  Буюк Британия томонидан унга вето қўйилмаслиги керак.  

Бетараф қолган давлатларнинг аксарияти айрим мамлакатлар олиб бораётган миллий тергов натижаларини кутиш истаги билан изоҳлади, дея таъкидлади “Reuters” агентлиги.

Хусусан, АҚШнинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Роберт Вуднинг айтишича, Швеция, Дания ва Германия “ҳар томонлама, шаффоф ва холис тергов олиб боришмоқда. Шунинг учун халқаро терговга эҳтиёж йўқ”.

Сўнгги ойларда Москва “Шимолий оқим”лардаги портлашлар бўйича миллий теширувлар ўтказаётган давлатлар бу ҳақда Россияни хабардор қилмаётгани ҳақида бир неча бор қоралаб чиққан эди.

 

 

ЎзA