Миср Араб Республикасида чоп этиладиган “Жумҳурия” газетасида эълон қилинган “Ўзбекистонда янги пойтахт” сарлавҳали мақолада янги Тошкент шаҳарчасини қуриш ва шу ҳақдаги қарорнинг афзаллиги тўғрисида атрофлича фикр юритилган.

Ўқувчи эътибори Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қоҳирага расмий ташрифидан бир ой ўтиб, давлат муассасалари ходимлари, жамоат арбоблари, машҳур кишилар, зиёлилар ва ёшлар иштирокида Янги Тошкент шаҳри курилишига тамал тоши қўйгани ва пойтахт истиқболини белгилашда узоқни ўйлаш, шаҳарни барқарор ривожлантириш, яқин 15-20 йилга мўлжалланган режа тузиш зарурлигини таъкидлаганига қаратилган.

– Ўзбекистон раҳбари халқаро мутахассислар фикр-мулоҳазасини инобатга олиб, чуқур ўйланган урбанизация сиёсати аҳоли турмуш шароити, иқтисодий тараққиёт, одамлар кайфияти ва халқ яшаш тарзига сезиларли таъсир кўрсатишини қайд этди, – деб ёзади газета. – 2045 йилгача мўлжалланган Тошкент шаҳри бош режаси лойиҳасида аҳоли учун қулай шарт-шароит яратиш, янги бунёдкорликни шаҳар ташқарисида амалга ошириш, атроф-муҳит тозалигини таъминлаш ва Тошкент меъморий қиёфасини асраш кўзда тутилган.

Муаллиф бир неча йил аввал Индонезияда Жакартага муқобил янги пойтахт пайдо бўлишини эълон қилгани, шунингдек, Қозоғистонда Остона шаҳри қурилиб, дунёдаги замонавий пойтахтлардан бирига айланганини ҳам мисол келтирган.

ЎзА