Жорий йилнинг апрель ойидан мамлакатимиз маҳалла ёшлари ўртасида «Беш ташаббус олимпиадаси» бошланади. Шу муносабат билан Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида видеоконференция орқали ўтказилган йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлимларидан масъуллар иштирок этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Йиғилишда «Беш ташаббус олимпиадаси» спорт мусобақаларида ёшлар қамровини ошириш, мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш, ғолиб ва совриндорларни тақдирлашда камчиликларга йўл қўймаслик бўйича мутасаддиларга аниқ вазифалар юкланди.

Муҳокамалар давомида мусобақалар апрель, май, июнь ойларида ўтказилиши, унинг тизимида «Ёшлар рақс фестивали» танлови, соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштиришга қаратилган гимнастрада, қувноқ стартлар, енгил атлетика, минифутбол, стол тенниси, шашка, футбол бўйича республика спорт мусобақалари ҳамда илк маротаба ёшларни касб-ҳунарга йўналтиришга қаратилган тикувчилик, сартарошлик, ошпазлик, қандолатчилик, ҳунармандчилик танловлари ўтказилиши таъкидланди.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов раислигида ўтган йиғилишда иштирокчилардан аризаларни қабул қилиш beshtashabbus.uz сайти орқали қабул қилинаётгани айтилди.

Эслатиб ўтамиз, «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг ортда қолган мавсумида мамлакатимизнинг 6,2 миллиондан ортиқ ёшлари қамраб олинган эди.

ЎзА