Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 26-27 апрель кунлари Қозоғистон Халқ ассамблеяси сессиясини чақириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати маълум қилди.

“Президент Тоқаев “Адолатли Қозоғистон: бирлик, барқарорлик, тараққиёт” шиори остида ўтадиган навбатдаги XXXII сессиясини ўтказиш фармонини қабул қилди. Халқ ассамблеясининг сессияси 26-27 апрель кунлари Остонадаги Тинчлик ва тотувлик саройида ўтказилади, дейилади хабарда.

Халқ ассамблеясининг асосий вазифалари – давлат миллий сиёсатини амалга ошириш, Қозоғистонда ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлаш ва миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат ва жамиятнинг фуқаролик институтлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини оширишдан иборат.

Ҳозир Қозоғистонда 125дан ортиқ миллат ва элат, жумладан, қозоқлар, ўзбеклар, руслар, украинлар, немислар, корейслар, уйғурлар, қирғизлар, яҳудийлар, арманлар, грузинлар ва бошқа вакиллар истиқомат қилади.

 

ЎзА