Дзюдо бўйича Тбилисида давом этаётган «Катта дубулға» турнирининг ортда қолган биринчи кунги беллашувлари шов-шувли натижаларга бой бўлди. Бугун, 25 мартда ўтадиган халқаро турнирнинг иккинчи кунги беллашувлари ҳам шундай муросасиз ва шиддатли ўтиши шубҳасиз.

Кеча ўтган баҳсларда терма жамоамиз аъзоси Диёра Келдиёрова мусобақа финалида “Токио-2020” Олимпиадаси чемпиони косоволик Дистрия Красничини 40 сония ичида мағлуб этгани турнирнинг ўзига хос воқелиги сифатида эътироф этилди.

Турнирда 52 килограмм вазнда иштирок этган спортчимиз саралашда Қозоғистон, Польша вакилларини, ярим финалда Хитой терма жамоаси аъзосини муддатидан аввал мағлуб этди.

Ҳамюртимиз олтин медаль учун беллашувда косоволик енгилмас дзюдочи билан рўбарў келганда мутахассислар гўёки Келдиёровага 2-ўринни ҳадя этиб бўлишган эди. Бироқ, Самарқанд дзюдо мактаби тарбияланувчиси Диёра Тбилисига фақат ғолиблик учун келганлигини намойиш этди. Рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмаган ҳолда олтин медаль, “Париж-2024” Олимпиадаси учун 500, жаҳон рейтинги учун 1000 рейтинг очколари ҳамда белгиланган 5 минг евро миқдоридаги пул мукофотини қўлга киритди.

Шу ўринда айтиш лозимки, мукофот жамғармасида ғолиб спортчига бериладиган 5 минг евронинг 4 минги спортчига, 1 минг евро унинг мураббийига топширилади.

Шунингдек, халқаро турнирнинг 60 килограммида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Камолиддин Бахтиёров ва Достон Рўзиев, 66 килограммда курашган Манучер Ширинов илк саралашларни муваффақиятли ўтказди. Аммо, иккинчи босқичда ҳар учаласи рақибларига имкониятни бой бериб қўйишди.

Бугун, 25 март куни Тбилиси татамиларида давом этаётган халқаро турнирда эркаклар 73, 81 килограмм вазнларда, аёллар 63 ва 70 килода медаллар учун кураш олиб боради. Баҳсларда терма жамоамиз аъзоларидан Обидхон Нўъмонов, Ҳикматиллоҳ Тўраев, Мусо Собиров ва Шоҳиста Назарова иштирок этади.

73 килограммда кураш олиб борадиган дзюдочимиз Обидхон Нўъмонов илк баҳсда Адам Стодолски (Польша) билан, 81 кило оғирликдаги Ҳикматиллоҳ Тўраев грузиялик Леван Гугава ва грециялик Атанасиос Милонелис жуфтлиги ғолиби билан, ушбу вазндаги Мусо Собиров франциялик Иброҳим Кейта ҳамда аёллар ўртасида 70 килода курашадиган дзюдочи қизимиз Шоҳиста Назарова польшалик Урсула Хофман билан рўбарў келмоқда.

Дзюдочиларимизнинг саралашдаги жойлашувига эътибор қаратсак, 73 килода кураш олиб бораётган Обидхоннинг вазнида энг кўп иштирокчи – 40 нафар спортчи қатнашмоқда. Тўраев ва Собиров вазни бўлган 81 килода 38 нафар, шунингдек Назарова қатнашаётган оғирликда 27 нафар спортчи қиз жамланган. Уларнинг кўпчилиги жаҳон чемпионатлари, Олимпия ўйинлари совриндорлари эканлигини эътиборга оладиган бўлсак, юқорида таъкидлаганимиз Диёранинг биринчи кунги эришган ғалабаси яна бир бор такрорланиши жуда мураккаблиги ойдинлашади. Аммо, нима бўлганда ҳам барчасини татамидаги вазият ҳал қиладики, шундай ҳолатда омад спортчиларимизга йўлдош бўлишини истаб қоламиз.

Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 154 минг евродан иборат «Катта дубулға» турнирида 61 давлатдан 420 нафарга яқин спортчиси иштирок этмоқда.

Биринчи кунги беллашувлар якунига кўра, Сербия, Озарбайжон, Ўзбекистон, Қирғизистон терма жамоалари 1 тадан олтин медални қўлга киритиб, турнирда етакчилик қилмоқда.

Т.Рўзиев, ЎзА