18 март куни Тошкентда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида давом этаётган қитъа чемпионатининг финал ўйини ўтказилади.

Нафақат мамлакатимиз, балки қитъа футбол ихлосмандлари диққат-марказида бўлган ушбу чемпионат ҳар жиҳатдан кўтаринки ўтаётганлиги ортда қолган гуруҳ баҳслари, чорак ва ярим финал ўйинларида ёрқин намоён бўлди.

Пойтахтимиздаги “Бунёдкор” стадионида Ўзбекистон – Ироқ терма жамоалари ўртасидаги финал ўйини эса мазкур чемпионатнинг энг юқори нуқтаси бўлиб тарихга муҳрланади.

17 март куни ушбу финал ўйини олдидан ҳар икки жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжуманлари ўтказилди.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров ва жамоа сардори Умарали Раҳмоналиев иштирокида ўтган анжуманда мураббий ва футболчимиз журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш асносида финал учрашуви, рақиб жамоанинг имкониятлари,  футболчиларнинг жисмоний ҳолати хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Жумладан, бош мураббий Равшан Ҳайдаров Ироқ жамоасига қарши ўтадиган ўйинга тайёргарлик режа асосида олиб борилаётгани, мухлислар қўллови натижага ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлади.

Терма жамоамиз сардори Умарали Раҳмоналиев ўтган саралаш, чорак финал ва ярим финал баҳсларида жамоа аъзолари катта куч йўқотгани, аммо ярим финалдан кейин тикланиш жараёнлари бошлаб юборилганлигини айтиб, финалда гуруҳ босқичида куч синашган Ироқ бу гал бошқача ўйин кўрсатиши эҳтимоли юқорилигини қайд этди.

Ироқ терма жамоаси бош мураббийи Адам Талиб билан ўтказилган матбуот анжуманида ироқлик мутахассис журналистларнинг ҳар бир саволига эҳтиёткорлик билан жавоб берди.

Ироқликлар мураббийи мамлакатимиз футбол ишқибозлари хусусида тўхталиб, “Мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши катта куч. Бироқ, биз бундай босимни бошимиздан ўтказдик. Энди бунга эътибор қаратмаймиз ва ўз ўйин услубимизни намойиш этамиз. Осиё кубогини Ироққа олиб кетишни мақсад қилганмиз”, дея ички ниятини яшириб ўтирмади.

Футболда тўп юмалоқ, майдон текис, барчасига футболчиларнинг маҳорати ойдинлик киритади, деган гап бор. Ҳақиқатан шундай. Лекин маҳорат рисоладагидек бўлса-ю, омад кулиб боқмаса, барчаси бекор.

Иқтидорли футболчиларимизнинг рақибларидан кўра, омадли бўлишини истаган ҳолда айтиш лозимки, Ўзбекистон – Ироқ учрашуви бетакрор комбинациялар, чиройли зарбалар завқини мухлисларга ҳадя этиши билан ҳам ёдда қолиши шубҳасиз.

Яна бир гап. Поёнига етиб бораётган U-20 Осиё кубоги баҳсларини кузатиш, иқтидорли футболчиларни аниқлаш учун дунёнинг номдор клубларидан ўнлаб футбол селекционерлари, футбол агентлари айни кунларда пойтахтимизда бўлиб турибди. Уларнинг ҳам Тошкентдан қуруқ қўл билан қайтиш нияти йўқ.

U-20 Осиё кубогининг айнан мамлакатимизда ўтказилиши дунё футбол гигантлари эътиборини Ўзбекистонга қаратганлиги ўзига хос воқелик бўлди. 16 та давлат терма жамоалари иштирокидаги ушбу қитъа кубоги ўйинлари юртимиз футбол инфратузилмаси ривож топишига, миллионлар ўйинини янада оммалаштириш, мавжуд стадионлар замонавий кўринишга келишини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилгани билан ҳам аҳамият касб этди.

Ўзбекистон ва Ироқ жамоалари “ғалаба кабутари”, селекционерлар бўлажак футбол юлдузлари “ови” билан банд бўлган чоғда мухлислар ажойиб ва такрорланмас “яшил майдон спектакли”га гувоҳ бўлиш орзуси билан стадионга келишади. “Бунёдкор”да барчага орзулар ижобатини тилаган ҳолда терма жамоамиз U-20 Осиё кубогини Тошкентда олиб қолишини қалб-қўримиз билан истаб қоламиз…

Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА