Ўзбекистон самбо ассоциациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференциясида ўтган 4 йиллик фаолият таҳлил қилинди. Кун тартибига мувофиқ ташкилотга янги раиси ва бош котиб сайлаш масалалари кўриб чиқилди.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, қўмита раиси ўринбосари Шерзод Тошматов, Халқаро самбо ассоциацияси (FIAS), Осиё-Океания самбо федерацияси мутасаддилари, дахлдор ташкилотларнинг вакиллари қатнашган конференцияда сўнгги йилларда юртимизда самбо ёшлар орасида оммалашаётгани, ҳуқуқ-тартибот соҳаси вакилларининг жанговар тайёргарлигини кучайтиришда алоҳида ўрин тутиши таъкидланди.
Билдирилган фикр-мулоҳазалар асносида ассоциация раислигига амалдаги раҳбар Алишер Алимов номзоди илгари сурилди ва қўллаб-қувватланди. Роман Шокиров 4 йиллик муддатга ассоциация бош котиби этиб сайланди.
Тадбирда иштирок этган FIAS президенти аппарати раҳбари Александр Корсик Ўзбекистон Халқаро самбо ассоциациясининг фаол аъзоларидан бири эканлигини айтиб, ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда амалга оширилаётган ишлар кўлами эътиборли бўлаётганини билдирди.
ЎзА