Айни кунларда Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг “Допингдан холи спорт олами сари бирлашамиз” мавзусидаги йиллик симпозиуми бўлиб ўтмоқда.
800 дан ортиқ халқаро спорт федерациялари, миллий ва минтақавий антидопинг ташкилотлари раҳбарлари иштирок этаётган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги директори А.Содиқов раҳбарлигидаги мамлакатимиз делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Бугун, 15 март куни симпозиумнинг биринчи иш кунида анжуман очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда ВАДА президенти Витолд Банка сўзга чиқиб, йиғилганларга ҳалол спорт йўлида самарали фаолият олиб борилаётганини таъкидлади.
Муҳокамалар давомида халқаро спорт федерацияларининг бу борадаги ўрни, миллий антидопинг агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик, давлатларнинг ВАДА кодексига муносабати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан таъсис қилинган конвенцияга риоя этиш хусусида сўз юритилди.
Симпозиум эртага ўз иш фаолиятини якунлайди.
Т.Рўзиев,
ЎзА