Ўтган давр мобайнида стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаш соҳасидаги ишларни халқаро стандартлар асосида ташкил этиш, мазкур йўналишда давлат органлари ва бошқа муассасалар фаолиятини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари белгиланди.
Шу билан бирга, мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини ҳамда ушбу соҳада давлат-хусусий шерикликни ташкил этишда энг мақбул амалиётларни қўллаш механизмларини таъминлашга салбий таъсир кўрсатувчи тизимли камчиликлар мавжуд.
Ваколатли органларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш, регуляторлик ва назорат қилиш вазифалари тизимининг эскирганлиги туфайли миллий аккредитация тизими хорижий бозорлардаги рўй бераётган ўзгаришларни ҳисобга олмаяпти, бу эса талаб юқори бўлган товарлар, ишлар (хизматлар) ишлаб чиқарилиши ва уларнинг рақобатбардошлигини таъминлашга таъсир қилмоқда.
Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш тизимини янада такомиллаштириш, экспортга йўналтирилган ва рақобатбардош товарлар, ишлар (хизматлар)ни ишлаб чиқариш учун шароитлар яратиш, мамлакат истеъмол бозорини сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг:
Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳузуридаги “Ўзбекистон мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш маркази” Давлат корхонаси негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошида Аккредитация марказини (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этиш;
Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш ва инспекция назорати бўйича вазифаларини, синов ва калибрлаш лабораторияларини (кейинги ўринларда мувофиқликни баҳолаш органлари), шунингдек, илгари берилган аккредитация гувоҳномалари тўғрисидаги марказлаштирилган маълумотлар базаси ва материалларни Марказга ўтказиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
мувофиқликни баҳолаш органларини халқаро стандартларга кўра аккредитация қилиш, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш бўйича аккредитация қилинган органлар ва метрология хизматларининг белгиланган шартлар ва талабларни бажариши устидан инспекция назоратини амалга ошириш;
халқаро ва миллий аккредитация органлари билан фаол ҳамкорлик қилиш, ушбу соҳада халқаро стандартлар ва техник регламентларни жорий этиш;
мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш соҳасида миллий ва халқаро илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасалар томонидан амалга оширилаётган давлат илмий-техникавий дастурлари ва лойиҳаларининг ягона буюртмачиси вазифаларини бажариш.
3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Аккредитация маркази тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
Марказ мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилишни амалга оширувчи махсус ваколатли органдир ва у давлат унитар корхонаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади;
Марказнинг фаолият соҳаси товарлар ва хизматларни баҳолаш ва сертификатлашни амалга оширувчи барча давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан татбиқ этилади;
кўрсатилаётган хизматлардан, Марказнинг бўш маблағларини тижорат банклари депозитларида жойлаштиришдан олинган даромадлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади;
Марказ директори ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
5. Марказ директорига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
Марказ тузилмасига, зарурат бўлганда, бошқарув ходимларининг белгиланган штат бирлиги ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартишлар киритиш;
энг илғор амалиётларга мувофиқ миллий стандартларни ишлаб чиқиш бўйича вазифаларни сифатли бажариш мақсадида шартнома асосида мустақил консультантлар ва экспертларни, шу жумладан, чет эллик мутахассисларни жалб этиш;
юқори малакали хорижий ва маҳаллий мутахассисларни ишга қабул қилиш ҳамда уларга иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорини белгилаш.
Белгилаб қўйилсинки, Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори ишга қабул қилиш, ишчи касблар бўйича малака разрядларини белгилашда энг кам маълумот даражаси қисмида, истисно тариқасида, хорижий олий таълим муассасаларини битирган тегишли йўналишдаги мутахассисларга нисбатан Марказда қўллаш учун тавсия хусусиятига эга.
6. Марказ 2021 йилнинг 1 апрелигача бўлган муддатда белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, компьютер ва сервер техникаси, техника воситалари, дастурий маҳсулот, ихтисослаштирилган автотранспорт воситалари, шунингдек, бошқа моддий-техника ресурсларини олиб кириш учун божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) тўлашдан озод этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги:
Марказ Уставини тасдиқласин ва белгиланган тартибда унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
бир ой муддатда Марказни унинг фаолиятини самарали ташкил этишни юқори профессионал даражада таъминлашга қодир бўлган малакали кадрлар билан тўлдирсин;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорликда икки ой муддатда барча илгари берилган амалдаги аккредитация гувоҳномаларини тўлиқ инвентаризациядан ўтказиб, қонун ҳужжатларига мувофиқ зарур чора-тадбирларни кўрсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Марказнинг буюртмаларига асосан унга юклатилган вазифаларни бажариш учун жалб этилаётган хорижий мутахассисларга давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар расмийлаштирилиши, берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, уларни вақтинча прописка қилиш, турар жойи бўйича ҳисобга олишни ҳамда вақтинча прописка қилиш ва турар жойи бўйича ҳисобга олиш узайтирилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Марказнинг буюртмаларига асосан унга юклатилган вазифаларни бажариши учун хорижий мутахассисларни республикага жалб қилишга рухсатномалар берилишини (узайтирилишини), шунингдек, жалб этилаётган хорижий мутахассисларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига доир тасдиқномалар берилишини (узайтирилишини) таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Марказни белгиланган тартибда зарур алоқа воситалари, шу жумладан, ҳукумат алоқа воситалари билан ҳамда юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланишини таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги тегишли вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда бир ой муддатда Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини тасдиқлаш учун киритсин.
12. Марказ Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 1-уйда жойлаштирилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги тегишли вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М.Содиқов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2018 йил 30 март