Таҳлилларга қараганда, Хитойда четдан кириб келадиган кўплаб товарлар қатори, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига ҳам талаб ортмоқда. Натижада мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларига ҳам қўшимча имкониятлар яратиляпти.

— ХХР истеъмол бозори дунёдаги энг йирик ва жуда тез ривожланаётган бозор сифатида кўплаб хорижий компаниялар, тармоқлар учун истиқболли саналади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Хитойдаги вакили Жамшид Сулаймонов “Синьхуа” ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюсида. – Аҳолиси 1 миллиард 400 миллиондан ошган Хитойнинг даромади ҳам ўсишда давом этмоқда. Ушбу давлат истеъмолчилари сифат ва брендга жиддий эътибор қаратади ва бунинг учун юқори нарх тўлашга тайёр. Товар ва хизматни сотиш учун имконият кенг бу юртда. Бошқа томондан, Хитойда истеъмолчининг афзаллигини ва эҳтиёжини яхши тушунадиган маҳаллий рақобатчилар ҳам етарли.

Кўп йилдан буён Хитойда яшайдиган Жамшид Сулаймонов ўтган давр мобайнида Чин ўлкасида импорт товарга талаб сезиларли ошганига гувоҳ бўлди.

— Жадал иқтисодий тараққиёт ва юксак даражадаги фаровонлик, шунингдек, жаҳон савдоси ривожланиши Хитой бозорида хорижий товарга таклиф ортишининг асосий омилидир, – дея қўшимча қилади мутахассис.

Сўнгги йилларда Хитой пештахталарида хориж маҳсулоти анча кўпайганини таъкидлаган Ж.Сулаймонов Пекин, Шанхай, Гуанжоу, Шенжен каби йирик шаҳарлар дўконларида четдан кириб келган озиқ-овқат, атир-упа, кийим-кечак, электроника маҳсулотлари кўп учрашини таъкидлади.

— Кўплаб хорижий компаниялар Хитой истеъмол бозоридан фойдаланишга интилмоқда, – дейди у. – Бу ерда импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, ҳўл мевага қизиқиш ортиб боряпти. Демак, фикримча, Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кўпайтириш, бу борадаги мавжуд салоҳият ва имкониятни юзага чиқариш вақти келган.

Бутун дунёга машҳур юқори сифатли сабзавот ва меваларимиз Хитойда ҳам харидоргир. Чин диёрига юборилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари миқдорини ошириш товар айирбошлаш кўлами кенгайишига, энг асосийси, деҳқонларимиз, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз даромади ортишига хизмат қилади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА