Халқимиз асрлар давомида тантана билан нишонлаб келаётган янгиланиш, яшариш байрами – Наврўз яқинлашмоқда. Мазкур ажойиб шодиёна Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан халқаро байрам сифатида эътироф этилган. Шу боис бу кун кўплаб давлатларда кўтаринки кайфиятда нишонланади.
Маълумки, Наврўз умумхалқ байрами тадбирлари бу йил мамлакатимизда “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” бош ғояси асосида ўтказилмоқда.
Айни жараёнда асосий эътибор Янги Ўзбекистонни барпо этиш, инсон қадрини улуғлаш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга, халқимиз ҳаёти, дунёқарашида юз бераётган ижобий ўзгаришларни Наврўз билан боғлиқ азалий қадрият, анъаналарга мос тарзда акс эттиришга қаратилади.
Дунёнинг энг нуфузли олий ўқув юртларидан бири – Буюк Британиянинг Оксфорд университетида Наврўз тадбири ташкил этилди. Мазкур нуфузли таълим масканида таҳсил олаётган талабалар ва давлатимизнинг қиролликдаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир Ўзбекистоннинг хориждаги имижини янада ошириш, мамлакатимиз тарихи, маданий мероси, анъана ва қадриятларини кенг тарғиб қилиш мақсадини кўзлади.
Анжуманда турли юртлардан келиб Оксфордда таҳсил олатган юзга яқин талаба, университетда тадқиқот олиб бораётган профессорлар иштирок этди.
Ўзбекистонлик талаба, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати Муштарий Мадраҳимова йиғилганларга Наврўзнинг тарихи ва моҳияти, ушбу байрамни нишонлаш бўйича шаклланган урф-одат, анъаналар ҳақида сўзлаб берди, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси тарихи, туристик салоҳияти ҳақида маълумот берди.
Байрам дастурхонига миллий таомларимиз – кўклам неъматлари, ширинликлар тортилди. Наврўз рамзи – сумалак, айниқса, университет жамоасига манзур бўлди.
Тадбирда қадимий урф-одатларимиз ҳам намойиш қилинди, маданий меросимизнинг ёрқин намунаси – куй, қўшиқ, рақслар, жумладан, Хоразм лазгиси ижро этилди. Иштирокчилар мамлакатимизга ташриф буюриш, юртимиз тарихи, маданий мероси, анъана ва қадриятларини ўрганишга қизиқиш билдирдилар.
Қайд этиш жоиз, турли сабаб билан чет элда бўлиб турган ҳамюртларимиз томонидан бундай тадбирлар ташкил этилиши халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти, эзгу қадриятларини хорижликларга етказишда муҳим аҳамиятга эга.
Гўзал Сатторова ЎзА