Нукусда Президентимизнинг “2020 – 2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда мазкур қарор ижроси доирасида  махсус дастур қабул қилингани, унда белгиланган вазифалар асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилгани таъкидланди.

Жумладан,  инвестиция дастури бўйича 1 минг 359 та лойиҳани амалга ошириш орқали 17 минг 561 та янги иш ўрни яратиш белгиланган бўлиб, амалда 1 минг 335 та лойиҳа амалга оширилиб, 10,4 триллион сўм ўзлаштирилган. Шунингдек, 1 минг 247 та лойиҳа тўлиқ ишга туширилиб, 13  минг 195 та янги иш ўрни ташкил этилган. 2022 йилда давлат ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 844 та лойиҳани ишга тушириш орқали 14 минг 769 та янги иш ўрнини яратиш режалаштирилган бўлиб, амалда 960 та лойиҳа ишга туширилиб, 16  минг 204 та иш ўрни яратилган.

Таъкидланганидек, 2023 йилда 113 та лойиҳани амалга ошириш ва 2 минг 224 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Ҳозирда ушбу лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ишлар тизимли ташкил этилган. Қарорга мувофиқ, 45 та маҳалла  шароити оғир тоифага қиритилган бўлиб, батафсил режалаштириш лойиҳаларини ўз ичига олган бош режа схемалари ишлаб чиқилган. Ҳозирда ушбу маҳалла ва овулларда 78,1 километр электр узатиш тармоғи тортилиб, 41 та трансформатор пункти, 1 минг 714 та бетон устун ўрнатилган.

Шунингдек, 11 та газ тақсимлаш пункти техник кўрикдан ўтказилиб, бўёқлаш ишлари бажарилган ва  9 километр газ тармоғи ва 73 километр ичимлик сув тармоғи мукаммал  таъмирланган. Ушбу мақсадларга 21 миллиард 641 миллион сўм йўналтирилган. Бундан ташқари, 8 та маҳалла биноси янгидан қурилган, 8 таси таъмирланган, 45 таси компьютер техникаси ва мебель жиҳози билан тўлиқ таъминланган ҳамда 45 та маҳалла ва овулда 447та янги тадбиркорлик субъекти ташкил қилинган.

2023 йилда 5 та маҳалла ва овул учун янги маъмурий бино қуриш, шундан 3 тасини компьютер техникаси ва мебель жиҳозлари билан таъминлаш, 8 та маҳалла ва овул учун маъмурий биноларни реконструкция қилиш, шундан 6 тасини компьютер ва мебель жиҳозлари билан таъминлаш режалаштирилган. Шунингдек, республика бюджетининг 11,2 миллиард сўм маблағи ҳисобидан 12 та маҳалла ва овулда 32 километр сув тармоғини ва 9 та сувни чучуклантирувчи станция қуриш, 4,9 миллиард сўм маблағ ҳисобидан Тўрткўл тумани “Пахтачи” овул фуқаролар йиғинида 15,9 километр ичимлик сув тармоғини қуриш ва реконструкция қилиш, халқаро молия институтларининг 33,1 миллиард сўм маблағи ҳисобидан  Қораўзак туманидаги “Қораўзак” ва Қўнғирот туманидаги “Устюрт” овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларида ичимлик сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш  ишларини, маҳаллий бюджетнинг 4,6 миллиард  сўм маблағи ҳисобидан 45 та маҳалла ва овулда 32,7 километр автомобиль йўлини таъмирлаш, ушбу маҳалла ва овулларда 6 минг 538 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.

Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси паст тоифага киритилган Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларида янгидан ташкил этиладиган саноат йўналишидаги тадбиркорлик субъектлари 2024 йил 1  январга қадар ер солиғи, мол-мулк солиғи, кичик корхоналар айланмасидан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғини тўлашдан озод қилингани қайд этилди. Шунингдек, фойда солиғи ва сув солиғи тўлови амалдаги белгиланган солиқ ставкаларининг 50 фоизи миқдорида амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ва фақат ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган асбоб-ускуна, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар учун божхона божи тўлашдан озод қилинган. 2022 йилда 27 та тадбиркорлик субъекти 38 та ҳолатда 1  миллиард 336,4 миллион  сўм солиқ имтиёзидан фойдаланган. Ушбу маблағлар тадбиркорлар ихтиёрида қолган.

Ўтган давр мобайнида 131 та инфратузилма ва ижтимоий объектда қарийб 1 триллион сўмлик ишлар амалга оширилган. Ушбу маблағлар  автомобиль йўллари, электр энергияси, ичимлик сув ва канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига йўналтирилган.

Йиғилишда қарор ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар билан қаторда  айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилганлиги қайд этилди.  Жумладан, айрим объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари охирига етказилмаган,  маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган қатор объектлар бўйича маблағ ажратилиши кечиктирилган. Инфратузилма ва ижтимоий объектлар ҳамда йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларида кечиктирилган ишларнинг бажарилишини тезлаштириш бўйича масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Шунингдек, Жўқорғи Кенгес депутатларига 2023 йилда ишга туширилиши лозим бўлган лойиҳаларни мониторинг қилиб бориш, белгиланган вазифалар устидан қатъий депутатлик назоратини ўрнатиш, юзага келган муаммолар юзасидан депутатлик  амалиётидан кенг фойдаланиш орқали ҳал этиш чораларини кўриш, амалга оширилаётан ишлар юзасидан кенг жамоатчиликни хабардор қилиб бориш  вазифаси топширилди.


Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА