Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Халқаро брендлар товарларининг айрим турларини бренд эгалари ёки уларнинг ваколатли етказиб берувчилари (расмий дистрибьюторлар, дилерлар, ишлаб чиқарувчиларнинг савдо вакиллари ва уларнинг дистрибьюторлари, лицензиатлари) билан тузилган тўғридан-тўғри шартнома асосида импорт қилувчилар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида”ги Низомни тасдиқлади.
Низом тўғридан-тўғри шартнома асосида импорт қилувчилар реестрини шакллантириш ва юритиш тартибини белгилайди.
Унда ариза берувчини Реестрга киритиш шарт ва талаблари, Реестрга киритишни рад этиш ҳамда ундан чиқариш тартиби белгиланган.
Ариза берувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган бўлиши, товарларни сотиш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўзига тегишли (ёки ижара) чакана савдо шахобчаларига эга бўлиши шарт.
Аризага халқаро брендлар товарларининг айрим турларининг бренд эгалари ёки уларнинг ваколатли етказиб берувчилари эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
халқаро брендлар ёки уларнинг ваколатли етказиб берувчилари билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига маҳсулот етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри тузилган импорт шартномалари;
аккредитация қилинган халқаро органлар томонидан берилган товарларнинг сифати ёки хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
ёки халқаро брендлар бўлинмаларининг ваколатли органлари томонидан берилган сифат сертификатлари, мувофиқлик декларацияси, халқаро брендлар эгаларининг муҳри билан тасдиқланган, товарнинг сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи синов ва сифат тўғрисидаги ҳужжатлар;
товарнинг келиб чиқиш мамлакати ва ишлаб чиқарувчиси ҳақида дастлабки маълумот;
ариза берилаётган товарнинг Ўзбекистон Республикаси ТИФ TH бўйича тасниф коди ҳақида маълумот илова қилинади.
Тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларни Низом талабларига мувофиқлиги ва уларнинг мавжудлигини расмий, ишончли, фойдаланиш мумкин бўлган манбалар, шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ўрганилади ва текширилади.
Тақдим этилган ҳужжатлар ҳақиқийлиги ёки ундаги маълумотлар аниқлигига шубҳа туғилганда, шунингдек интернет-ресурслар орқали тўпланган маълумотлар етарли деб ҳисобланмаган ҳолатларда тегишли ваколатли органлар ёки бошқа ташкилотларга расмий сўров юборилади. Бунда, аризани кўриб чиқиш муддати яна 10 иш кунигача узайтирилиши мумкин.
Реестрга киритилганлик тўғрисидаги Сертификат бир йил амал қилиш муддати билан берилади.
ЎзА