Жорий йилдан блиц шахмат ўйини киберспорт бўйича Олимпия ўйинлари тизимига киритилади. Бу ҳақда Халқаро шахмат федерацияси хабар берди.

Хабарда айтилишича, Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) томонидан Халқаро шахмат федерацияси киберспорт тизимидаги блиц шахмат ўйинларининг бошқарув органи сифатида тан олинган.

Саралаш мусобақалари Халқаро шахмат федерациясининг онлайн шахмат платформаси орқали учта босқичда ўтказилади. Ўйинлар 3+2 блиц шахмат шаклида ташкил этилади. Бу, ушбу ўйинларда қатнашишни истаганлар учун очиқ баҳс бўлиб, жорий йил апрелдан бошланади.

Мусобақанинг дастлабки саралашида Халқаро шахмат федерациясининг махсус платформасида рўйхатдан ўтган ҳолда исталган шахмат ишқибози қатнашиши мумкин.

Саралаш босқичининг энг яхши 16 нафар иштирокчиси 1-5 май кунлари киберспорт ўйинлари финалида шахсий биринчиликни эгаллаш учун курашади. Ушбу якуний саралаш босқичида ғолибликка эришган 8 нафар қатнашчи жорий йил 22-25 июнь кунлари Сингапурда ўтадиган Халқаро олимпия қўмитаси тизимидаги  киберспорт ўйинлари финалида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА