Нукусда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Аёлларга ҳурмат – халқимизга хос юксак қадрият” мавзусида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларидан келган нуроний онахонлар, жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган хотин-қизлар, турли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, хотин-қизларни байрам билан муборакбод этди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизларга ҳурмат кўрсатиш,  уларни ҳар томонлома қўллаб-қувватлаш,  ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.  Айниқса, сўнгги йиллари давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлиги билан гендер тенгликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, “Аёллар дафтари” йўлга қўйилганлиги, хотин-қизлар билан ишлашда “Маҳаллабай” тизимининг жорий этилганлиги, тадбиркор хотин-қизлар учун имтиёзли кредитларнинг берилаётгани, олий ўқув юртларида қизлар учун қўшимча квоталар ажратилаётгани, бир қатор мезонлар бўйича шартнома пулларининг тўлаб берилаётганлиги, ёрдамга муҳтож хотин-қизларнинг уй-жойлар билан таъминланиши – буларнинг барчаси аёлларимизнинг ҳамиша эътиборда эканлигининг амалдаги ифодасидир.

Президентимиз ташаббуси билан Оролбўйидаги 970 нафардан зиёд хотин-қиз уй-жой билан таъминланиб, 21 минг 800 нафардан зиёд хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун қарийб 475 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди. Олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган 5 минг 500 нафар қизга 42,7 миллиард сўмлик шартнома пулини тўлаш учун  7 йил муддатга фоизсиз кредит маблағи ажратилиб, магистратурада таҳсил олаётган 900 нафарга яқин қизнинг шартнома пуллари тўлаб берилди.

Президентимизнинг жорий йил 6 мартдаги “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида” ги фармонига мувофиқ, юртимизда олиб борилаётган туб ислоҳотларда фаол қатнашиб, янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида ташаббус ва намуна кўрсатиб келаётгани учун Қорақалпоғистон Республикасидан 6 нафар хотин-қиз орден ва медалларга сазовор бўлди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг қарори асосида Қорақалпоқ давлат университетининг 3-босқич талабаси Ҳурлиман Ниетбаева ҳамда Амударё туманидаги 35-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Барно Самандарова  ўзларининг иқтидори ва намунали фаолияти билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётгани, ижтимоий ҳаётда фаоллик кўрсатаётгани учун “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.

Тантанали тадбирда бир гуруҳ фидойи хотин-қизлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг махсус қарори билан фахрий унвон, кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди. Шунингдек, давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллиги, самарали меҳнати учун бир гуруҳ хотин-қизларга “Мўътабар аёл” кўкрак нишони топширилди.

–Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда Оролбўйи аҳолисини, шу жумладан, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, бандлигини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Соғлом авлод учун” фонди Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали директори, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибаси Оразгул Ембергенова. – Бундай ғамхўрлик ва эътибор учун Президентимизга миннатдорчилик билдирамиз.

Тантанали тадбир концерт дастури билан якунланди.


Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА