Божхона қўмитасида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Йиғилганларни қутлар экан, қўмита раиси Акмалхўжа Мавлонов мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда божхона органларида хизмат қилиб келаётган 400 нафарга яқин хотин-қизлар алоҳида ўрин тутишини қайд этди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 2024 йилгача божхона органлари тизимида аёл ходимлар улушини камида икки бараварга ошириш ташаббуси бугун ҳаётда ўз ифодасини топмоқда.
Ҳозирда божхона органларида салкам 20 нафар раҳбар аёллар хизмат қилмоқда. Ўтган қисқа даврда 21 нафар божхоначи аёллар юқори лавозимларга кўтарилди, 130 нафарига махсус унвонлар берилди.
Ташқи иқтисодий фаолият ва чегара божхона постларида хизмат олиб бораётган божхоначи аёллар 2022 йилда ва жорий йилнинг ўтган даврида 1,1 мингдан зиёд божхона қонунбузарликларини фош қилиб, 41 млрд. сўмдан зиёд ноқонуний товарларни аниқлади.
Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётган божхоначи аёллар ҳамиша давлатимиз раҳбарининг юксак эътиборида.
Байрам арафасида Президентимиз фармонига асосан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Хўжайли” чегара божхона пости катта инспектори Лола Расулова “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирлангани фикримиз тасдиғидир.
Шунингдек, Божхона қўмитасида 20 йилдан бери хизмат қилиб келаётган бўлим бошлиғи Дилфуза Маҳкамова эса 8 март арафасида “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тантанали тадбирда тизимда хизмат олиб бораётган 140 нафар аёл махсус унвон, эсдалик нишонлари ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
ЎзА