Туркиянинг “Haber7.com” сайти саҳифасида журналист Гунгор Явузаслан қаламига мансуб “Дунё тарихий бурилиш палласида” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқларидан бирида инсоният айни пайт “тарихий бурилиш палласида” экани, дунё тараққиётнинг бир босқичидан янги босқичига ўтаётгани, шунингдек, бу давр олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган даражада мавҳум воқеликларга бой бўлиши ҳақидаги фикри баёни билан бошланади.

Муаллиф ёзишича, давлатимиз раҳбарининг айни фикри пандемия оқибатида вужудга келган, кўлами кенгайиб бораётган минтақавий ва глобал низолар билан тўлиб-тошган бугунги кун манзарасини яққол ифода этмоқда.  Материалда мамлакатимиз ташқи сиёсати янги босқичга кўтарилгани минтақавий интеграция, ҳамкор ва қўшни давлатлар билан иттифоқчилик муносабати ўрнатилишида ёрқин намоён экани қайд этилган.

“Давлат раҳбарининг ташқи сиёсат стратегияси бугунги кунда ҳам муваффақиятли тарзда ҳаётга татбиқ этилмоқда, деб ёзади муаллиф. Бинобарин, АҚШ Президенти Жо Байденнинг Шавкат Мирзиёевга ёзган мактубида “Марказий Осиё давлатлари ўртасида минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш жараёнида ўзаро муносабатни ривожлантириш тарафдори эканлигингизни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман”, дегани Ўзбекистоннинг минтақавий мувозанатни сақлашдаги хизмати глобал миқёсда сезилаётганидан далолат”.

Сўнгги тўрт йил ичида минтақа давлатларининг ялпи ички маҳсулоти 25 фоиз ўсиб, қиймати 300 миллиард доллардан ошган. Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида товар айирбошлаш миқдори 2,6 баробар ўсиб, қиймати 6 ярим миллиард долларга етгани ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган.

“Диққатга сазовор жиҳати шундаки, келажакда бу кўрсаткич 10 миллиард доллардан ортиши кутилмоқда”, деб ёзади муаллиф. Шунингдек, мамлакатимизда чегара муаммолари ҳал этилиши мавзуси, республикамизнинг рақобат ва ҳамкорлик моделига оид муҳим маълумотлар ҳам атрофлича қаламга олинган.

ЎзА