Европа ва Америка қитъасида ўтказилган нуфузли профессионал бокс мусобақаларида Отабек Холматов ҳамда Дилшодбек Рўзметов жанги туфайли Ўзбекистон номи бот-бот янгради.

Англиянинг Нюкасл шаҳрида профессионал бокс оқшомида ярим енгил вазн тоифасидаги ҳамюртимиз Отабек Холматов рингга кўтарилди. Боксчимиз кечанинг co-main event жангида англиялик Томас Патрик Уордга қарши жанг ўтказди. 12 раундга мўлжалланган жангнинг 5-раундида Отабек Холматов рақибини нокаутга учратди ва профессионал боксдаги ўзининг 12-ғалабасини тантана қилди.

Маҳоратли боксчимиз ушбу ғалабаси орқали эндиликда мазкур вазнда WBA йўналиши бўйича жаҳон чемпиони, мексикалик Маурисио Ларага қарши мажбурий даъвогар сифатида рингга чиқиш ҳуқуқига эга бўлди.

Америка қитъасининг Мексика давлатида ташкил этилган профессионал бокс кечасида эса Дилшодбек Рўзметов проф боксдаги иккинчи жангини ўтказди.

Ушбу бокс оқшомида ярим оғир вазн тоифасида чарм қўлқоп устамиз мексикалик Хесус Паломарес билан тўқнаш келди. Прфессионал боксда 10 та жанг ўтказган тажрибали боксчи билан унинг юртидан жанг ўтказиш Рўзметов учун осон бўлмади. Белгиланган 6 раундлик баҳс тўлиқ давом этди. Ҳамюртимизнинг шиддати ва аниқ зарбалари якунда ўз сўзини айтди. Ҳакамлар қарори билан очколар ҳисобида Дилшодбек Рўзметов ғалаба қозонганлиги эълон қилинди.

Ҳар икки боксчимизнинг халқаро майдонда муваффақиятга эришиши сабабли Англия ва Мексикада уларнинг ғалабаси шарафига мамлакатимизга эҳтиром кўрсатилди. Бу эътирофни профессионал бокснинг WBA ва IBF йўналишлари чемпиони Муроджон Аҳмадалиев ҳамда катта рингда ўз услубига эга бўлиб келаётган Бектемир Мелиқўзиев 8 апрель куни АҚШнинг Индио шаҳрида ўтказиладиган жангларда давом эттиради, деган умиддамиз.


Тўлқин Рўзиев, ЎзА