Бу гал Европада қиш анчайин илиқ келди. Қитъада рекорд даражада кам ёғин кузатилди. Қиш совуқ келади, газ, электр энергияси қимматлашиб кетади каби тахминлар ўзини оқламади. Афсуски, ёғингарчилик кам бўлиши ҳам европаликлар учун йил яхши келишини англатмаяпти. Хавотир шундаки, қор етишмаслиги бутун қитъа бўйлаб дарё, канал ва кўлларда сув сатҳи хавфли даражада пасайиб кетишига сабаб бўлади.
Ўтган йил Франция ва Италияда дарёлар билан шундай ҳолат кузатилганди. Мутахассислар бултурги қаттиқ қурғоқчилик бу йил ҳам такрорланиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Қуриб қолган дарё ўзани ёки кўл, одатда, қиш эмас, балки ёзнинг жазирама қуёши билан боғлиқ экан. Қайд этилишича, илиқ ҳаво тўлқини Европанинг бир қисми, жумладан, марказий ва жануби-ғарбий Францияни, Испания ва Италия шимолини қамраб олган.
Январь ойида Австриянинг Гратс техника университети тадқиқотчилари сунъий йўлдош маълумотидан фойдаланиб, дунёдаги ер ости сув ресурсларини таҳлил қилди. Ушбу тадқиқот орқали Европада сув таъминоти мсаласи ташвиш уйғотадиган даражага етган. Франция охирги 60 йилдаги энг илиқ ва ёғин кам қишни бошдан кечирди. Натижада мамлакат расмийлари тез орада сув истеъмолига чеклов жорий этиши мумкинлиги айтилмоқда. 21 январдан 21 февралгача мамлакатда 32 кун давомида жиддий ёғингарчилик кузатилмади. Бу 1959 йилдан бери энг кам ёғин қайд этилган қишдир. Метео-Франция иқлимшуноси Саймон Миттелбергер фикрича, ноодатий қиш дарё ва кўлларга, шунингдек, мамлакат тупроғига ҳалокатли таъсир кўрсатмоқда. Мамлакатдаги тупроқ намлигининг ҳозирги даражаси, одатда, апрель ойи ўрталарида кузатиларди.
CИМА тадқиқот жамғармаси маълумотига кўра, бу йил Альп тоғида одатдагидан 63 фоиз кам қор ёғди. Иқлимшунослар огоҳлантиришича, келгуси бир неча ой ичида етарли даражада ёғин ёғмаса, вазият янада ёмонлашиши мумкин. Одатда сув тошқини жиддий муаммо чиқарадиган Венецияда бу йил сув одатдагидек тошмади, бу баъзи каналлар қуришига олиб келди. Шу боис ҳозир Венеция каналларида аввалгидек сув таксисида саёҳат қилишнинг иложи йўқ.
По дарёси сатҳи 61 фоиз пасайган, бу йилнинг айни даври учун ўта салбий кўриниш, дейишяпти мутахассислар. Ўтган ёз Италия сўнгги 70 йилдаги энг кучли қурғоқчиликдан азият чекди ва По дарёси атрофидаги ҳудудларда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Вазият шундай давом этса, бу йил аҳвол янада аянчли бўлиши мумкин, дейди экспертлар.
2022 йил Испанияда ҳам энг иссиқ келиши сув таъминоти билан боғлиқ хавотирни келтириб чиқарди. Ҳукумат сув ресурсларини бошқаришга, қарийб, 24 миллиард доллар сармоя киритиш режасини тасдиқлади. Мамлакатда 1980 йилдан бери фойдаланиб келинаётган сув ҳажми бу йил 12 фоиз камайди. 2050 йилга келиб бу кўрсаткич 40 фоизга етиши мумкин.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Европанинг доимий муътадил иқлими шу вақтгача қитъа мамлакатлари тараққиёти, аҳолиси фаровонлиги учун энг мақбул об-ҳаво бўлиб келаётган эди. Дунё мигрантларининг аксари яхши ҳаёт қидириб йўлга чиққанда айнан Европага юзланиши ҳам кўп жиҳатдан ушбу мезон билан боғлиқлиги сир эмас. Бинобарин, сўнгги йилларда иқлим кескин ўзгариб бораётгани дунёнинг кўплаб ҳудудлари қатори Европа табиатига ҳам сезиларли салбий таъсир кўрсатмоқда. Бошқача айтганда, иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар молиявий, илмий-технологик имконияти анчайин юқори бўлган Европа ҳамжамияти учун ҳам бегона эмаслиги аёнлашмоқда.
Интернет материаллари асосида
Саидмурод Раҳимов тайёрлади.
ЎзА