Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг халқаро маслаҳатчиси Шахрбану Таджбахш билан учрашди.
Учрашувда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) Алия Юнусова ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси раҳбари в.б. Фабио Пиана ҳам иштирок этди.
Суҳбат давомида Омбудсман институти фаолиятининг асосий йўналишлари, хусусан, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга ўтказиладиган мониторинг ташрифлари, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик ва жамоатчилик билан ишлаш фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил аёллар ва болаларни қуролли можаролар бўлаётган ҳудудлардан ватанига қайтариш борасидаги Ўзбекистон тажрибасига алоҳида тўхталди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг халқаро маслаҳатчиси Ўзбекистоннинг ушбу тажрибасини эътироф этар экан, уни бошқа мамлакатлар учун методология ишлаб чиқишда қўллаш мақсадга мувофиқлигини билдирди.
ЎзА